1-савол: Вариатив ўқув режада танлов синфини ташкил этиш учун 5 та йўналиш тавсия этилган. Мактаб ушбу 5 та йўналишнинг барчасини ташкил этиши керакми?
Жавоб: Умумтаълим мактабида барча йўналишларда танлов синфлари очилиши талаб этилмайди. Мактабда битта йўналишда танлов синфи очилишига ҳам йўл қўйилади. Йўналишларни очишда бу мактабнинг имконияти, ўқувчиларнинг хоҳиши ва юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади.
2-савол: Танлов синфи ва олдинги анъанавий синфнинг фарқи нимада?
Жавоб: 2019-2020 ўқув йили учун мўлжалланган таянч ўқув режа асосида ўқитиладиган синфлар – бу анъанавий синфлар, вариатив ўқув режа асосида ўқитиладиган синфлар – танлов синфлари ҳисобланади. Анъанавий синф 15 та мажбурий фанни ўқийди, танлов синфи 8 та мажбурий фанни ўқийди.
3-савол: Мактабда ўқувчилар томонидан танланмаган, танлов фанига кирмаган фан ўқитувчилари норози бўлса, бундай ҳолатда ҳам вариатив ўқув режани жорий қилиш мумкинми?
Жавоб: Аввало, мактабда вариатив ўқув режани жорий қилиш - ихтиёрий. Қуйидаги ҳолларда умумий ўрта таълим мактабларида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа жорий қилинишига йўл қўйилмайди: умумий ўрта таълим мактаблари танлов фанидан дарс бериш учун етарли малака ва тажрибага эга ўқитувчи билан таъминланмаган бўлса; ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар томонидан етарлича қўллаб-қувватланмаса. Вариатив ўқув режани мактабда жорий қилиш ёки қилмаслик масаласи мактабнинг педагогика кенгашида муҳокама қилинади ва тегишли қарор қабул қилинади. Бунда педагогик кенгашда иштирок этган педагогларнинг овози билан тегишли қарор қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда педагогик кенгаш раиси ҳал қилувчи овозга эга бўлади.
4-савол: Мактабда вариатив ўқув режа қайси йўналишда жорий этилишини ким белгилайди?
Жавоб: Мактабда вариатив ўқув режанинг йўналиши аввало ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган сўровнома асосида аниқланади. Сўровнома натижасида, ўқувчилар танлови асосида маълум бўлган йўналиш педагогика кенгашида муҳокама қилинади ва бу ҳолат қўллаб-қувватланса, вариатив ўқув режаси йўналиши педагогика кенгаши қарори билан белгиланади ва мактаб директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Педагогика кенгаши қарор қабул қилишда ўқувчилар танлаган йўналишдаги фан бўйича мактабда юқори малакали ва тажрибали ўқитувчилар бор ёки йўқлиги ҳам инобатга олинади.














