Аввало, шуни қайд этиш ўринлики, муҳтарам Президентимизнинг ҳар бир чиқишлари, хусусан, мамлакат ҳаёти учун стратегик аҳамият касб этувчи маъруза ва мурожаатлари нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кутиб олинмоқда.

Янги шаклланган Олий Мажлисга йўлланган дастлабки Мурожаатнома ҳам бундан мустасно бўлмади.

Нуфузли маҳаллий ва хорижий экспертларнинг якдил хулосасига кўра, Президентимиз Мурожаатномаси Ўзбекистоннинг жорий йил ва яқин истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи стратегик ва айни пайтда фундаментал асосга эга бўлган ҳужжатдир.

Дарҳақиқат, Мурожаатнома тимсолида Ўзбекистондаги бугунги ислоҳотлар моҳиятини, яқин йилларда юртимизнинг бутун қиёфаси қай тарзда жозибадор бўлишини, халқимиз ҳаёти нечоғлиқ осуда, фаровон ва бахтиёр кечишини кўриш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада белгилаб берилган улкан марралар шунчаки эзгу ният ёки хоҳиш-истак эмас.

Аксинча, ундаги ҳар бир вазифа ижро механизми, бунинг учун масъуллар, муддатлар, молиявий манбалари билан уйғун ҳолда баён этилди.

Энг муҳими, ҳужжатда аввало инсон ва унинг манфаатлари устувор ўринга қўйилган.

Яъни «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак», деган асосий тамойилга мувофиқ барча ресурслар, имкониятлар халқимиз манфаатлари йўлида сафарбар этилиши қатъий таъкидланди.

Халқимиз эса бундай янги ва оқилона сиёсатни якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда.

Зотан, адолат тантанаси ва қонун устуворлигини ўзи учун асосий шиорга айлантирган давлат фуқароларидаги сиёсатга ишонч, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари мустаҳкам бўлиши ҳаммага маълум.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам Оқсарой пештоқига «Адолат — давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир», деган ҳикматли сўзларни ёздиргани ҳам бежиз эмас. У ана шу ғоя асосида миллатни энг эзгу ва улуғвор мақсадлар йўлида бирлаштиргани ва сафарбар эта олгани ҳам тарихдан аёндир.

Янги Ўзбекистоннинг янгиланган сиёсати ҳам айнан инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш каби юксак ғояларга таянмоқда.

Бироқ, афсуски, бу йўлдаги ислоҳотлар натижадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган, тараққиётга тўсиқ бўлаётган бир қатор омиллар, иллатлар сақланиб қолмоқда. Ҳеч шубҳасиз, улардан бири ва энг хавфлиси коррупциядир.