Инсоният яралибдики, турли-туман дардлар билан курашиб келади. Айниқса юқумли касалликлар одамзотга бот-бот қирон келтирган. Биз ҳозир ваҳимага тушаётган коронавирус икки ойда 500га яқин беморнинг ўлимига сабаб бўлган бўлса, бундан юз йил олдин «испанка» деб ном олган грипп қисқа муддатда 100 млн. кишининг ёстиғини қуритган эди. Қиёслаш учун, бу ўша даврда сайёрамиз аҳолисининг 5 фоизи, бугунги кун ҳисоб-китоби билан 400 млн.га яқин одам қирилиб кетиши билан тенг.

Тарихнинг бирор йили юқумли касалликларнинг оммавий тарқалишисиз ўтмаган. Фақат эмлаш ва вакциналар даврига келибгина инсоният бу касалликлар қаршисида мутлақ ожизликдан қутилди. Эътиборингизга одамзод қирғинларига сабаб бўлган энг даҳшатли пандемиялар ҳақида маълумотлар тақдим қиламиз.

Маълумот учун: бирор эпидемиянинг қитъалараро кўламда тарқалиши пандемия деб аталади.

Қора ўлат

Бу касаллик милоддан аввал Рим ва Юнонистон империяларини ҳам зир қақшатган. Аммо 1346-1353 йилларда жуда шиддат билан кечгани ҳолда XIX асрга қадар ҳам тарқалишдан тўхтамаган. Ана шу 7 йил оралиғида Европада ўнлаб миллион инсон нобуд бўлгани қайд қилинган. Турли маълумотларга кўра, кўҳна қитъа ўз аҳолисининг 30-60 фоизидан айрилган. Бу ўз давридаги барча урушлардаги талофатлардан ҳам анча кўп эди.

Тиббиёт ривожланмагани, диний ва бидъат амаллардан нажот излангани, қашшоқлик каби омиллар даҳшатли қирғинга сабаб бўлади. Чорасизликдан нафақат касалликдан ўлганларнинг жасадлари, балки ҳали жони узилмаган, лекин ўлиши муқаррар бўлган беморлар ҳам олов қаърига отилади. Буни бугунги кун нуқтайи назарида шафқатсизлик дея баҳолаш, ёввойиликка йўйиш тўғри бўлмайди. Ўз даврида фақат оловгина охирги нуқтани қўя олган.

Полиомиелит

Халқимиз тилида шол касаллиги деб аталадиган бу мудҳиш дард ҳам асрларки инсониятни қийнаб келмоқда ва ҳануз самарали давоси топилмаган. Одамзод эмлаш услуби орқалигина полиомиелитни жиловлай олди.

Аммо ўрта асрларда шол касаллигига чалиниши аянчли ўлимни англатарди. Сабаби, санитар-гигиеник меъёрларга амал қилинмас, тўғрироғи улар умуман йўқ даражада эди. Касалликнинг мураккаблиги бирданига ўлим кузатилмай, инсон узоқ муддат мажруҳликдан ҳам азоб чекишида эди.

Ўтмиш шафқатсиз одатлар билан ҳам ёдда қолган. Миллионлаб гўдаклар бу азобларни бошдан кечириб азобланмасин, деган ўзига хос «эзгу» мақсад билан ё тириклай кўмилган, ёки шунчаки жони узилгунга қадар қаровсиз қолдирилган.