Спорт | 18:40 / 05.02.2020
2090
2 дақиқада ўқилади

Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида Илмий-тадқиқот ва инновация маркази ташкил этилди

Марказ Ўзбекистон спортчиларини олимпия ва паралимпия ўйинларида ҳамда бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиши учун тайёрлашга кўмаклашувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида Илмий-тадқиқот ва инновация маркази ташкил этилди.

Қарорда белгиланишича, Марказ Ўзбекистон Республикаси спортчиларини олимпия ва паралимпия ўйинларида ҳамда бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиши учун тайёрлашга кўмаклашувчи, уларнинг спорт маҳоратини ошириш ва жисмоний ҳолатини қайта тиклаш ишларини илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий ҳамда илмий-услубий кузатиб бориш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоаларининг мусобақа ва машғулотларни режалаштиришни ҳисобга олган ҳолда спортчининг индивидуал спорт жисмоний юкламасини текшириш ва мақбуллаштириш; 

спортнинг тегишли тури бўйича республика спорт федерация (уюшма)лари спортчиларининг халқаро мусобақаларда қатнашишга психологик тайёргарлигини, шунингдек, зарур психологик коррекциясини таъминлаш;

республика спорт терма жамоалари спортчиларининг машғулот юкламаларини таҳлил қилиш, кутилаётган спорт натижаларига эришишга қаратилган спорт тайёргарлигини режалаштириш ва дастурлаш; спорт терма жамоалари аъзоларини спорт мусобақаларига, хусусан олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш амалиётига машқ ва мусобақалар самарадорлиги ҳамда спортчиларда спорт маҳоратининг ўсишига хизмат қилувчи замонавий инновация технологиялари ва услубларини жорий этиш; 

спорт тайёргарлиги давомида спортчиларнинг функционал ҳолатини узлуксиз мониторинг қилиш ҳамда спорт мусобақаларида иштирок этиш натижаларини жамоавий ва шахсий жиҳатдан баҳолаш тизимини яратиш бўйича ягона ёндашувни ишлаб чиқиш; 

спортчиларнинг техник-тактик, психофизиологик ҳолатини ва уларнинг жисмоний тайёргарлигини ўрганиш, спорт соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш; 

спорт соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш.

МОҚ

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид