Ўзбекистон | 00:36 / 06.02.2020
80481
7 дақиқада ўқилади

1 февралдан cтипендия тўлашнинг янги тартиби жорий этилди. Бу ҳақда 5 февралда эълон қилинди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ОТМ талабаларига стипендия тўлашнинг янги тартиби ҳукумат қарори билан 1 февралдан амал қила бошлаганини эълон қилди. Амалдаги қонунчиликка асосан эса, норматив ҳужжат кучга кириши учун у расман эълон қилиниши керак.

Ўзбекистонда ОТМ талабаларига стипендия тўлаш тартиби расман 1 февралдан бошлаб ўзгарди. Амалда эса 1 октябрдан буён студентлар аввалгидек табақалашган тарзда эмас, бир хил стипендия олиб келишяпти.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълум қилишича, ҳукуматнинг 59-сонли тегишли қарори 31 январда қабул қилинган.

Қабул қилинганига 6 кун, кучга кирганига эса 5 кун бўлганига қарамай, ҳужжат ҳамон жамоатчиликка эълон қилингани йўқ.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – lex.uz сайтига ҳукуматнинг 31 январдаги учта, 5 февралдаги иккита қарори жойлаштирилган бўлса-да, улар орасида стипендияга доир қарор учрамайди.

Вазирликнинг бир энлик хабарига кўра, қарор билан талабаларга стипендия тўлашнинг янги тартиби жорий этилган. Хабарда бу янги тартиб ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Катта эҳтимол билан бу ерда гап 1 октябрдан бошлаб амал қилиб келаётган ҳозирги тартиб ҳақида бормоқда.

Қайд этиш керак, қонунчиликка асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир. Республика олий таълим кенгаши аъзоси, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев бу ҳолатга эътибор қаратиб, жумладан шундай ёзади:

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга биноан, норматив ҳужжатлар расман эълон қилингандан кейингина кучга эга бўлади. Лекин стипендия тўғрисидаги қарор 5 февралда ҳам ҳали расман эълон қилинмади, унда қанақа қилиб 1 февралдан янги тизимга ўтилади?

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари 5 кундан буён ҳеч қаерда эълон қилинмаётганини кимдир тайинли асос билан тушунтириб бера оладими?»

Блогер норматив ҳужжатларни эълон қилишнинг аниқ ишлайдиган тизими йўқлигини савол остига олган.

«Шунчалик қийинми бу иш? Ёки бунга ҳам албатта энг юқоридан «сиёсий ирода» керакми? Қабул қилинган қарорларни расман эълон қилиш учун Адлия вазирлигига ўз вақтида етказиб беришни кимдир назорат қиладими ўзи? Вазирликни тушунаман, улар юқори турувчи орган сифатида «КабМин»га ортиқча эътироз ёки қатъий талаб қўя олмаса керак. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг ўзида ижро назоратини кимдир юритиши керак–ку ахир», – деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Республика олий таълим кенгаши аъзосининг фикрича, ҳукуматнинг таълим бўйича қарорлар масаласи азал-азалдан «тошбақа мисоли секин» бўлган.

Қайд этиш керак, 2019 йилда «Сувсоз» давлат унитар корхонаси Тошкентда совуқ сув нархлари 24 апрелдан бошлаб ошгани ҳақида ўз сайтида 25 апрель куни эълон қилган, жамоатчилик эътирозидан кейин корхона бу тўғрисида 9 апрель куни «Тошкент оқшоми» ва «Вечерний Ташкент» газеталарида хабар берилганини айтганди.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев талабалар билан стипендиялар қайта ҳисоб-китоб қилиниши кераклигини айтмоқда.

«Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан стипендияга оид янги тартиб 1 февралдан амал қилар экан. Демак, бундан хулоса қилиш мумкинки, 1 февралгача эски тартиб кучда бўлади. Эски тартиб кучда бўлади дегани, талабаларга 1 февралгача табақалаштирилган (1 - 0,75 - 0,5 коэффицент) стипендия тўланиши керак бўлган.

Аммо сентябрь ойидан буён амалда қонуний кучда бўлган Йўриқномага риоя қилинмади, ҳеч бир қонуний асоси бўлмаса ҳам талабаларга стипендиялар бошқача тартибда тўланди.

Аммо қонун устувор давлатларда бундай бўлмаслиги керак. Қонунни ҳурмат қилган Молия вазирлиги талабаларга асоссиз кам ёки кўп стипендия тўламайди. Қонунни ҳурмат қилган Олий таълим вазирлиги бу жараённи қўллаб-қувватламайди. Қонунни ҳурмат қилган Ҳукумат бунга томошабин бўлиб турмайди ва олдини олади.

Шу сабабли, талабалар билан токи 1 февралгача бўлган 5 ой (сентябрь-октябрь-ноябрь-декабрь-январь) учун қайта ҳисоб-китоб қилиниши керак. Бундай қайта ҳисоб-китоб 4 ва 5 баҳога ёпганлар учун фойдали, 3 баҳога ёпганлар учун зарар (тахминан 150 минг сўм) бўлиши мумкин. Аммо наилож, қонунчилик талаби шундай, унга ҳамма бўйсуниши керак.

Ўзи қабул қилган муҳим қарорни 5 кундан буён расман эълон қилишни ташкил қила олмаган Ҳукумат ҳеч бўлмаса талабалар ҳаққини жойига қўйиб қўйгани маъқул, менимча. Яна ҳам ўзингиз биласиз, менинг ишим қонунни эслатиш холос», – деб таъкидлаган Хушнудбек Худойбердиев.

Ҳозирча Вазирлар Маҳкамаси ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар билан қайта ҳисоб-китоб қилиниши борасида қандай қарорга келгани номаълум. Аввалроқ вазир Иномжон Мажидов Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу саволга аниқ изоҳ бермаган, «Талабаларга пуллар қайтариладими» дея берилган саволга «ҳа» дея жавоб қайтарган эди.

Агар қайта ҳисоб-китоб амалга ошадиган бўлса, у ҳолда «3» баҳога ёпган кўпчилик талабалар уларга 5 ой давомида ортиқча тўланган тахминан 150 минг сўмни қайтаришига тўғри келиши мумкин. Хушнудбек Худойбердиев бу масалага қуйидагича ҳуқуқий баҳо берди:

«Стипендияни қайтаришга мажбурмизми, деган саволга келсак, бу бўйича бирор қонун нормасига дуч келмаганман. Аммо Меҳнат кодексида иш ҳақи бўйича шунга яқин қоида бор. Яъни МК 279-моддасига кўра, иш берувчи томонидан ихтиёрий равишда тўланган, шу жумладан қонунни нотўғри қўлланиш оқибатида тўланган ортиқча иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкин эмас.

Агар шу қоидани ҳуқуқ аналогияси сифатида стипендияга нисбатан ишлатсак, унда «учлик» талабалар ҳам ортиқча стипендияни қайтариши шарт эмас. Лекин яна қайтараман, стипендия бўйича аниқ бундай нормага дуч келмаганман», – дейди у.

Ҳуқуқшуноснинг қўшимча қилишича, бу ерда гап фақат сессияни «3» баҳога ёпганлар ҳақида кетяпти. «4» ва «5» баҳога ёпганлар билан сўзсиз қайта ҳисоб-китоб қилиниши керак, бу муҳокама ҳам қилиниши шартмас», дея таъкидлаган Хушнудбек Худойбердиев.

Мавзуга оид