Молия вазирлигининг Фискал таҳлиллар институти давлат бюджети самарадорлигини ошириш бўйича таклифларни илгари сурди.
Институт нуқтайи назарига кўра, давлат харажатларини бошқариш тўртта асосий тамойилга таяниши керак. Булар – доимий бюджет мажбуриятларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, давлат кўмагини ҳақиқатан муҳтож қатламларга йўналтириш, инвестицион харажатлар улушини ошириш ҳамда маблағларни харажатнинг ўзига эмас, кўрсатилаётган хизмат ҳажми ва сифатига боғлашдан иборат.
2026 йилда давлат бюджетидан субсидия ва трансфертлар учун 52 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Шундан 28,6 триллион сўми иссиқлик таъминоти, ипотека, транспорт, нодавлат боғчалар, талабалар турар жойи ва таълим кредитлари каби йўналишларга субсидия сифатида йўналтирилган бўлса, яна 23 триллион сўми Пенсия жамғармасига трансферт ҳисобланади.
Институт фикрича, асосий муаммо субсидия ҳажмида эмас, балки унинг кимга, қандай мезон асосида ва қандай натижа учун берилаётганидадир. Шу боис субсидияларни манзилли, шаффоф ва натижага боғланган тизим асосида тақсимлаш таклиф қилинди.
Минимал иш ҳақи
Институт 2030 йилгача меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини босқичма-босқич медиан иш ҳақининг 40 фоизигача етказишни таклиф қилди.
Биринчи босқичда бу ёндашувни қурилиш, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида синов тариқасида жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, бюджет ташкилотларида энг кам иш ҳақини автоматик ҳисоб-китоб базаси сифатида қўллаш амалиётини қайта кўриб чиқиш ҳамда бунинг учун алоҳида ҳисоблаш миқдорини жорий этиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, минимал соатбай ва кунбай иш ҳақи ставкаларини белгилаш, айрим меҳнат низолари билан боғлиқ юкламаларни Бандликка кўмаклашиш жамғармасига ўтказиш орқали иш берувчилар таваккалчилиги камайтирилиши мумкинлиги қайд этилди.
Ўзбекистонда даромад солиғини прогрессив шкалага ўтказиш таклиф этилди
Транспорт субсидиялари
Институт жамоат транспортида ҳам субсидия ҳажмини эмас, хизмат натижасини молиялаштириш тамойилига ўтишни таклиф қилмоқда.
Маълумотларга кўра, брутто-шартномалар учун йилига 1,9 триллион сўм бюджет маблағи сарфланади. Шундан 1,3 триллион сўми Тошкент жамоат транспортига йўналтирилади. Транспорт харажатларининг 65,1 фоизи субсидия ҳисобидан қопланмоқда.









