Бу президентнинг 2026 йил 23 июндаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги ПФ–115-сон фармонида белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, 1 сентябрдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 7 фоизга оширилади. Талабаларга тўланадиган стипендиялар миқдори ҳам 7 фоизга кўпаяди.

Шунингдек, 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори амалдаги 1 млн 271 минг сўмдан 1 млн 360 минг сўмга ошади.

Базавий ҳисоблаш миқдори эса 412 минг сўмдан 440 минг сўмга кўтарилади.

БҲМ, жумладан, қонунчиликда белгиланган айрим давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа тўловларни ҳисоблашда қўлланади.

Фармон билан пенсия ва нафақаларни оширишнинг бошқа муддати белгиланган эди. Улар 2026 йил 1 июлдан 7 фоизга оширилган. Хусусан, ёшга доир энг кам пенсия ойига 983 минг сўм, ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори 1 млн 83 минг сўм, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори эса 504 минг сўм этиб белгиланган.

Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини ошириш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.