Каталонлар сўнгги кунларда янгиликлар сайтларини «гуллатмоқда». Месси «Барселона» раҳбарияти ва жамоадошлари билан зиддиятга борган, интернетда у клубдан кетиши мумкинлигини муҳокама қилишмоқда. Кўк-анорранглилар «Атлетик»дан қўшимча дақиқаларда гол ўтказиб, Испания Кубогидан чиқиб кетишди. Жамоа ҳужум чизиғида жиддий муаммолар юзага келган – 6 ўйинда 10 гол, шунинг ярми «Леганес»га қарши ўйинга (5:0) тўғри келади.

Кике Сетьен «Барселона»ни жуда мураккаб вазиятда қабул қилиб олди. У келгунича ҳужумдаги икки футболчи сафдан чиқиб бўлганди: Усмон Дембеле ва Луис Суарес. Уругвайлик футболчи бу мавсумда ҳам яхши натижалар қайд этаётганди (23 ўйин, 14 гол ва 11 ассист), унинг йўқотилиши жамоа учун оғир зарба бўлди. Дембеле ҳам, Суарес ҳам майга қадар майдонга туша олмайди.

«Барселона» январда янги форвард сотиб олишга ҳаракат қилди. Кавани, Обамеянг ва «Валенсия»даги Родриго вариантлари кўриб чиқилди, аммо бу уринишлар муваффақиятсизликка учради. Аммо, қишки трансферлар ойнаси ёпилган бўлсада, каталонлар таркибни кучайтира олишлари мумкин. Бунинг учун Испания футбол федерациясига махсус илтимос билан мурожаат қилиш керак. Агар RFEF рухсат берса, кўк-анорранглилар мамлакат ҳудудидаги жамоалардан ҳужумчи сотиб олиши мумкин бўлади. «Чемпионат.com»  «Барселона»га қайси ҳужумчилар мос тушиши, испан матбуотида қайси футболчилар номи тилга олинаётганини санади.

Анхель Родригес («Хетафе»)
28 ўйин, 13 гол, 2 ассист
Трансфер қиймати – 4 млн евро

Кутилмаган вариант. Лекин матбуот Анхелни ҳам «Барселона»га ўтиш учун номзодлардан бири ҳисобламоқда. Родригес 32 ёшда, ўйин услуби билан Суаресни эслатиб юборади: бўйи баланд эмас (171 см), у тўп учун курашларда фаол, бў ҳудудларга яхши очилади ва голни ҳис қилади. Аммо Анхель ҳатто «Хетафе»нинг алмаштириб бўлмас футболчиси эмас –  42 ўйиндан фақат 23тасида бошланғич таркибда майдонга тушган. Шундай экан, уни Суаресга вақтинчага бўлса ҳам ўринбосар сифатида қабул қилиш эҳтимолдан йироқ.

Лукас Перес («Алавес»)
23 ўйин, 10 гол, 4 ассист
Трансфер қиймати – 5 млн евро

Бошқа пландаги ҳужумчи. Родригес билан таққослайдиган бўлсак, Перес доим ҳам тўп учун курашларга киришавермайди (ўртача бир ўйинда 3,5 мартага қарши 1,2 марта), дарвозага камроқ зарба беради (ўртача бир ўйинга 2тага қарши 1,4та), аммо рақибни кўпроқ алдаб ўтади (1,1га қарши 1,6). Лукас кўпроқ Гризманнга ўхшайди – у дамба-дам хавфли вазиятлар яратади, у ўртача бир ўйинда 1,6 марта ҳал қилувчи узатмани амалга оширади. «Барселона»га Антуанни такрорлайдиган яна бир футболчи керакмикин?