Dilares компанияси ходимлари бошқа фуқароларга тегишли бўлган акцияларни ўзлаштирган ва сотиб юборган - Агентлик
Агентликка акциядорлар ва инвесторлар томонидан компания ходимларининг айрим ҳаракатлари юзасидан шикоятлар келиб тушган
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан Dilares МЧЖ ходимларининг қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи малака гувоҳномаларининг амал қилиш муддати тугатилди. Бу ҳақда агентлик хабарида айтилган.
Қайд этилишича, 2019 йилда агентликка акциядорлар ва инвесторлар томонидан Dilares МЧЖ ходимларининг айрим ҳаракатлари юзасидан шикоятлар келиб тушган.
“Агентлик масалани ўрганиш жараёнида Dilares МЧЖ раҳбари ва ходимлари томонидан инвестиция воситачиси фаолияти ваколатларини бир неча бор ўз шахсий манфаатлари йўлида суиистеъмол қилинганлиги аниқлади.
Хусусан, Dilares МЧЖ ходимлари ўзларига ишониб топширилган бошқа фуқароларга тегишли бўлган акцияларни ноқонуний равишда ўзлаштирган ва сотиб юборган. Шунингдек акциядорлар ва инвесторларга ушбу ҳолатлар юзасидан нотўғри маълумотлар тақдим этиб, уларни чалғитган.
Масалан, 2018 йил охирида Dilares МЧЖ ходимлари ўзларига сақлаш учун ишониб топширилган фуқаро Б.Р.га тегишли оддий акцияларини унинг рухсатисиз 663 млн сўмга сотиб, даромадни ўзлаштирган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Dilares МЧЖ собиқ директори А.Ҳайдаровга, директор ўринбосари А.Абдуллаевга, собиқ ички инспектор Ш.Шарахметовга берилган қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи малака гувоҳномаларининг амал қилиш муддати агентлик томонидан 2020 йил 27 январь кунидан бошлаб тугатилди”, - дейилади агентлик хабарида.
Шунингдек, Dilares МЧЖга қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияларнинг амал қилиш муддатини тугатиш юзасидан судга даъво аризаси киритилгани айтилди.
Мавзуга оид
20:16 / 03.01.2024
Солиққа тортилмайдиган даромад турлари иккитага кўпайтирилди
15:50 / 04.09.2023
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурта ва капитал бозорлари регуляторига айланди
14:42 / 04.09.2023
Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси Марказий банкка ўтказилмоқда
10:46 / 26.12.2022