Вазирлар Маҳкамасининг “Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

а) 2019 йил 2 июлда Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ) томонидан Ўзбекистонга 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 25 йил мобайнида қайтариш муддати билан қиймати 385,11 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарз берилиши маъқулланган;

б) лойиҳанинг умумий қиймати 437,62  млн. АҚШ долларини, шу жумладан:

ОИИБ қарзи – 385,12 млн. АҚШ долларини ташкил этади;

лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон ҳиссаси – солиқ ва божхона имтиёзлари бериш тарзида 52,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади;

в) лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилни (2020-2024 йиллар) ташкил этади.

Белгилаб қўйилишича:

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги “Коммунхизмат” агентлиги лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайдиган ташкилий-техник тадбирларни ўтказиш, ОИИБнинг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади;

инвестиция даврида молиявий харажатларини тўлаш ОИИБнинг қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Ўзбекистон молия вазирига:

Ўзбекистон номидан ОИИБ билан лойиҳани амалга ошириш учун қарз битимини;

ОИИБ қарзини Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Коммунхизмат” агентлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва “Ўзсувтаъминот” акционерлик жамиятининг Бухоро вилоятидаги сув таъминоти ва канализация корхонаси ўртасида қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилади.

Адлия вазирлиги Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасидаги қарз битими, Қайта кредитлаш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса беради.

“Ўзсувтаъминот” АЖ раиси зиммасига Қайта кредитлаш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ ОИИБ қарзини қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш учун зарур бўлган маблағлар “Ўзсувтаъминот” АЖнинг Бухоро вилоятидаги сув таъминоти ва канализация корхонаси томонидан ўз вақтида жамланиб борилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланади.