«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, фуқаро Д.У.ни Ўзбекистонга қайтаришга Ростов-Дондаги Бош консулхона ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ҳамкорлигида кўмаклашилган.

Ватандош меҳнат фаолияти чоғида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида турли тан жароҳатларини олган. У ҳудуддаги тиббиёт муассасаларидан бирига ётқизилиб, зарур муолажалар кўрсатилган.

Даволаш жараёни билан бир вақтда фуқарони Ўзбекистонга қайтариш масаласи ҳам тезкорлик билан ишлаб чиқилган. Унинг соғлиғи ва шифокорлар тавсиялари инобатга олиниб, тиббий эвакуация чоралари кўрилган.

Фуқарога ҳамроҳлик қилиш учун Ўзбекистондан махсус икки нафар тиббиёт мутахассиси етиб борган. Улар парвоз давомида зарур тиббий назоратни таъминлаган.

Барча ташкилий ишлар якунланганидан сўнг Д.У. шифокорлар ҳамроҳлигида Минералние Води–Тошкент авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтарилган.