Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг "Кўп квартирали уй-жой фондларига туташ ҳудудлар чегараларини белгилашни тартибга солиш бўйича низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги буйруғи лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Кўп квартирали уй-жой фондларига туташ ҳудудлар чегараларини белгилашни тартибга солиш бўйича низом тасдиқланади.

Низомга кўра, кўп квартирали уй-жойнинг ер участкасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария, ёнғинга қарши меъёрлар ва қўшни бинолардан меъёрий оралиқда, спорт ва болалар майдончалари, чиқиндиларни йиғиш шохобчалари, кир қуритиш майдончалари, ёзги дам олиш жойлари, йўлаклар, автомобиллар кириш йўллари, тротуарлар, автомобилларни тўхтаб туриш майдончалари жойлашиши шарт.

Янги қурилган ва қурилиши режалаштирилаётган турар жойлар учун ер участкалари чегараларини аниқлаш аҳоли пунктининг бош планида акс эттирилган “қизил чизиқ” чегаралари доирасида ва аҳоли пунктининг аниқ режаси асосида амалга оширилади.

Ер участкалари ҳар бир турар-жой бинолари учун алоҳида-алоҳида бош қурувчи (Қурилиш вазирлиги) томонидан тасдиқланади.

Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган кўп қаватли уй-жойларининг ер участкалари ўлчамлари ҳуқуқий тартибга солувчи ҳужжатлар - техник паспортлар (ердан фойдаланиш далолатномалари) шаҳарсозликнинг амалдаги ердан фойдаланиш, ёнғин ва санитария меъёрлари ва қоидалари ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш меъёрлари асосида белгиланади.

Кўп квартирали уй-жойнинг ер участкасига спорт ва болалар майдончалари, чиқиндиларни йиғиш шохобчалари, кир қуритиш майдончалари, ёзги дам олиш жойлари, йўлаклар, автомобиллар кириш йўллари, тротуарлар, автомобилларни тўхтаб тириш майдончалари киритилади.

Ер участкасининг чегараларини белгилашда кўп қаватли уйларнинг атрофидаги эгасиз ҳудудларни ҳисобга олиш ва уларни уй-жой ҳудуд чегараларига киритиш зарур.

Уй-жой жойлашган ер участкаси кўп қаватли уйдаги уй-жой мулкдорлари томонидан фойдаланилади.

Агар турар-жой бинолари ва шу каби уйнинг бир қисми бўлган бошқа кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаси мавжуд бўлмаса, у ҳолда уй-жой мулкдорлари ширкатининг умумий йиғилишининг қарорига биноан йиғилиш томонидан ваколат берилган шахс, бошқарув шаклига қараб, туман (шаҳар) ҳокимлигига турар жой жойлашган ер участкасини шакллантириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Ер участкасида жойлашган кўп қаватли уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларидан мулкдорлар томонидан ер майдони чегараларини белгилаш ва давлат рўйхатидан ўтказилганидан бошлаб фойдаланилади.