«Бобурнома»нинг янги нашри тақдим этилди
Бугун, 14 февраль Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланган «Шоҳ, адиб ва шоир» мавзусида давра суҳбати ва «Бобурнома» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда йиғилган ижодкорлар, олимлар Бобурнинг ҳаёт йўли, унинг ватанпарварлиги, ижоди, комилликка ундовчи асарлари, бетакрор шеърияти, у илгари сурган ғояларнинг ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида сўз юритишди. «Бобурнома» асари тўғрисида турли қизиқарли ва тарихий маълумотлар бериб ўтилди.
«Бобурнома» қомусий характердаги асарлардан бўлиб, унда илм-фан, урф-одат, ижтимоий-сиёсий, табиий этнографик билимлар моҳирлик билан ифодаланган. Ушбу муҳташам мажмуа жаҳон адабиётининг нодир, дурдона асарларидан ҳисобланади.
Тадбир доирасида агентлик тасарруфидаги «O‘qituvchi» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган «Бобурнома» китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Бу китобнинг ўзига хос жиҳати тушунарли тилда ёзилгани таъкидланди.
Шунингдек, «Бобурнома» асаридан ташқари «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриётининг «Икки даҳо — икки бебаҳо» ва «Императорнинг туғилиши» (Бобурнинг ёшлиги) китоблари тақдимоти ҳам ўтказилди.