Форумнинг дастлабки кунида Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева нутқ сўзлади.

«Келажак ҳақида фикр юритувчилар ва инноваторларга аёллар, ёш авлоднинг келажаги, замонавий дунёда улар дуч келаётган қийинчиликларни муҳокама этиш ҳамда биз кўришни истайдиган келажакни лойиҳалаш учун Бирлашган Араб Амирликларидан яхшироқ жой йўқ», – деди Мирзиёева нутқи аввалида.

У БААнинг «тараққиётга қанчалик тез эришиш мумкинлигини кўрсатувчи намуна» эканини таъкидлаб, мамлакатнинг истисноларсиз бутун жамият учун хавфсиз ҳудудга айлана олганини эътироф этди.

«Биз бугун бу ерда эканимизнинг боиси – тажриба алмашиш, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш ва руҳлантириш, қолаверса жамиятларимиздаги аёлларнинг ролини ошириб, уларга инсоният цивилизациясига ўз ҳиссаларини қўшиш имконини яратиб беришдир.

Шунга аминманки, ўзбек аёлларининг ҳам дунёга айтар сўзи бор – улар инсониятнинг иқтисодий ва маданий тараққиётига салмоқли ҳисса қўша олишади», – деди Саида Мирзиёева.

Ўзбекистон вакили мамлакат тарихининг оғир синовли йилларини эслаб ўтиб, бу даврларда ҳам аёллар жамият ҳаётида кечган воқеликларнинг ажралмас қисми бўлиб келганини таъкидлади.

«Ўзбекистоннинг узоқ тарихи – аёлларимизнинг ҳам ўтмишидир. Шоирлар, давлат расмийлари, дипломатлар, муҳандислар, ҳамширалар, рафиқа ва оналар. Бу нозик шарқона санъат бўладими, ёки қатъий ва аниқ фанларми – ўзбек аёллари барча соҳаларда аъло даражада илгарилаб боришди, аммо сояда қолиб келишди.

Уларга бошларини баланд кўтариб, ўз қобилиятлари ва маҳоратларини қўрқмай, чекловларсиз кўрсата олиш имконини берадиган вақт келди», – деди Мирзиёева.

У ўз сўзида Ўзбекистон аёллар ва имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари юзасидан БМТ, ЕХҲТ, Жаҳон Банки, Ислом Тараққиёт Банки каби халқаро тузилмалар билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани, мамлакатда гендер тенглигига катта эътибор қаратилаётгани ҳақида гапириб ўтди.

«Бувим иккинчи жаҳон уруши йилларида турмуш ўртоғини ҳам руҳан, ҳам молиявий жиҳатдан қандай қўллаб-қувватлаганини яхши эслайман. Онамнинг отам ва биз фарзандларига чексиз мадад ва меҳр-муҳаббатини аямагани доим ёдимда туради», – дейди Саида Мирзиёева.