Бугун, 18 февраль куни Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаторийсида жойлаштирилган 294 нафар фуқарони карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз 14 кун давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди. Шу давр якунига қадар тиббий кузатув ва махсус лаборатория текширувлари тўлиқ, халқаро стандартлар бўйича олиб борилди. Карантинда бўлган фуқаролар биринчи кун ва инкубация даврининг тугаши билан, яъни икки марта коронавирус инфекцияси бор йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилди. Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Бўстон» санаторийси тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланди. Кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланди. Хусусан, коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилиб, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланди. Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказилди. Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасаларида барча керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Ошхоналарда 14 кунлик таомнома тузилиб, кунига уч марта сифатли овқатланиш ташкил этилди», дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитания-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги