Февраль ойи бошида коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хитойнинг Ухан шаҳридан олиб келинган 84 киши учун карантин муддати тугади ва уларга жавоб берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, карантин якунида уларнинг ҳеч бирида коронавирус аломатлари аниқланмаган.

«Хитойдаги ватандошларимизни олиб келиш учун 4-6 февраль кунлари ташкил этилган учта чартер рейсларидан биттаси бевосита коронавирус инфекцияси ўчоғи бўлган Ухан шаҳридан ташкил этилган эди. Бошқа рейслардаги каби ушбу рейсга ҳам малакали инфекционист ва эпидемиолог мутахассислар жалб этилиб, парвоз олди ва парвоз давомида олиб келинаётган фуқароларнинг саломатлиги тиббий кузатув остига олинди. Парвоз давомида йўловчилар орасида тана ҳарорати кўтарилган ва соғлиғида ўзгаришлар бўлган фуқаролар аниқланмади.

Ухан шаҳридан Тошкент халқаро аэропортига қўнган мазкур рейсда 84 нафар фуқаро, шу жумладан, 5 нафар Қозоғистон Республикаси фуқароси келишди. Шундан 61 нафари эркак, 20 нафари хотин-қизлар ва 3 нафари вояга етмаган болалардир. Йўловчилар махсус автобусларда коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 6-сон клиник шифохонасига олиб бориб, жойлаштирилди.

Бугун ушбу даволаш муассасасида жойлаштирилган 84 нафар фуқаро карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Мазкур шифохонада 110та ўрин тайёрланган бўлиб, тиббий кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Ухандан олиб келинган фуқаролар 14 кун давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди. Карантин даврининг боши ва охирида 84 нафар фуқаро икки марта коронавирус инфекцияси бор йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилди. Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги