Жамият | 08:45 / 21.02.2020
24237
2 дақиқада ўқилади

«Газ йўқлиги сабабли». Туманлар ва қишлоқларда электр энергияси тарифини камайтириш таклиф қилинди

Туманларда газ йўқлиги сабабли электр энергия тарифини 30-40 фоизга камайтириш таклиф этилмоқда

Фото: Fotolia

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида навбатдаги петиция эълон қилинди. Унда туманларда газ йўқлиги сабабли электр энергия тарифини 30-40 фоизга камайтириш таклиф этилган.

Қайд этилишича, туманларда ёки қишлоқларда аҳоли хонадонларида табиий газ йўқлиги сабабли электр энергия тарифини қиш мавсумида 30-40 фоизга қисқартириш лозим.

“Сабаби, бир хонадонда камида 2та оила яшайди, бу дегани 2 уйни қишда иситишни англатади. Агарда битта хонадонга битта электр иситгич бўлса, у ойида камида 1400 кв ишлайди. Масалан, бу дегани битта электр печка учун 400 минг сўмдан зиёд тўлов тўлашни талаб этади, бундай ҳолат жуда ҳам кўп учрайди. Тумандаги оилалар даромадига олиб қараганда бу жуда қимматга тушмоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Таклиф шундан иборатки, қиш мавсумида туманлар ва қишлоқларда электр энергияси тарифи 30-40 фоизга камайтирилса, аҳоли уйларини иситиш билан боғлиқ муаммоларга камроқ дуч келади. 

Билдирилишича, бошқа давлатларда кундузги ва кечки тарифлар мавжуд. Айрим давлатларда туман ва қишлоқларда шаҳар марказидан арзонроқ тарифлар ҳам бор.

Бундан олдин, айрим истеъмолчилар учун электр энергияси қимматлашиши хабар берилганди. 

Мавзуга оид