Пенсия ёшини оширишни назарда тутувчи фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Тошкентдаги қурилишлар ҳудудий тизимларни ортиқча зўриқтирмаслиги керак, деди Саида Мирзиёева шу мавзуга бағишланган йиғилишда. Банк картасининг блокланиш сабабини аниқловчи тизим жорий этилди. Суюлтирилган газ таъминотида янги тартиб жорий этилади. Бухоро вилоятидаги нефт омборида ёнғин рўй берди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Пенсия ёшини оширишни назарда тутувчи фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

«Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Фармонга кўра, 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб борган ҳолда 2039 йилда эркаклар учун 63 ёшга ва аёллар учун 58 ёшга етказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, 2028 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи марта пенсия тайинлашда иш ҳақининг юқори чегараси пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан 13 бараварига оширилади.

Лойиҳа муҳокамаси 30 сентябргача давом этади.

Тошкентдаги қурилишлар ҳудудий тизимларни ортиқча зўриқтирмаслиги керак – Саида Мирзиёева

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкентни янада қулай шаҳарга айлантириш бўйича лойиҳалар билан танишди. Шаҳар мутасаддилари билан ўтказилган йиғилишда муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий объектларга тушаётган катта юк, шунингдек, электр ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди.

«Биргаликда ечим топишимиз керак бўлган масалалар талайгина — муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий объектлар зиммасига катта юк тушаётганидан тортиб, электр ҳамда сув таъминоти муаммоларигача. Янги қурилишлар шаҳарни ривожлантиришга хизмат қилиши, қўшимча номутаносиблик келтириб чиқармаслиги ва ҳудудий тизимларни ортиқча зўриқтирмаслиги керак», деди у.

Саида Мирзиёева шу билан бирга, Тошкентни аҳоли ва шаҳар меҳмонлари учун янада қулай, кўркам, озода ва хавфсиз қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошираётган бизнес вакиллари қўллаб-қувватланишини билдирди.

Банк картасининг блокланиш сабабини аниқловчи тизим жорий этилди

Марказий банк, тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари ўртасида InfoCards ахборот алмашинуви тизими жорий этилди. Ушбу тизим банк картасининг қайси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан, қачон ва қандай сабабга кўра блокланганига оид маълумотларни тезкор аниқлаш имконини беради.

Энди фуқаро бунинг учун Марказий банкка мурожаат қилиши талаб этилмайди. Карта эгаси ўзига хизмат кўрсатувчи тижорат банки билан боғланиши кифоя. Банк InfoCards тизими орқали тегишли маълумотларни аниқлаб, картанинг блокланиш сабаби юзасидан тушунтириш беради.

Мазкур тизим фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш, ортиқча оворагарчиликни камайтириш ҳамда банк хизматларидан фойдаланишда тезкорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Суюлтирилган газ таъминотида янги тартиб жорий этилади

Президентнинг «Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш соҳасидаги функцияларни ихтисослаштириш, фаолиятнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш ва бозор механизмларини жорий этиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ таъсисчилигида LPG-Trade МЧЖ ташкил этилади.

Аҳоли эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ таъминоти тизимига хусусий сектор ҳам босқичма-босқич жалб қилинади. Бу орқали соҳада рақобат муҳитини шакллантириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, суюлтирилган газ таъминотидаги кросс-субсидиялаш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади. Ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари давлат томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.

Бухоро вилоятидаги нефт омборида ёнғин рўй берди

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли Қоровулбозор нефт сақлаш омборида рўй берган ёнғин оқибатида уч киши жароҳатланди.

ФВВ хабарига кўра, 15 сентябр куни Қоровулбозор нефт маҳсулотларини сақлаш омборидаги резервуарда ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар келган. Қутқарув бўлинмалари ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғинни ўчирган. Ёнғинни бартараф этишга 14 та қутқарув бўлинмаси жалб этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, омбордаги ёқилғи резервуари ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида 3 киши турли даражадаги куйиш тан жароҳати олиб, Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.