10:08 / 21.02.2020
3
12052

Туркманистондан Ўзбекистонга етказиб берилаётган электр энергияси ҳажми кескин камайди

«Туркманэнерго» давлат электр энергетика корпорациясининг экспорт амалиётида вақтинча носозлик ҳолати юзага келди

Фото: Depositphotos

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 2019 йилнинг 1 декабрь санасидан буён «Туркманэнерго» давлат электр энергетика корпорациясидан электр энергияси импорти амалиётини амалга ошириб келмоқда. 

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ахборот хизмати хабарига кўра, бугун, 21 февраль куни соат 6:45да Туркманистон энергетика тизимига тегишли «Мари иссиқлик станцияси»да ва «Сердар» нимстанциялари оралиғидаги 500 кВли Л-511 ҳаво тармоғи фавқулодда ўчди. Натижада, Туркманистондан етказиб берилаётган электр энергияси 780 МВтдан 60 МВтгача камайди.

Туркманистон электр узатиш тармоғида рўй берган носозлик туфайли Ўзбекистон энергетика тизими бўйича аварияга қарши автоматика тизими ишлаши оқибатида 600 МВт қувватдан фойдаланаётган истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилди.

Билдирилишича, айни пайтда туркманистонлик энергетиклар томонидан ҳаво тармоғидаги носозлик сабабларини аниқланиб, уни бартараф этиш юзасидан зарур ишларни олиб борилмоқда.

«Ўзбекистон электр энергияси таъминоти тизимида импорт амалиёти ўрнини қоплаш учун барча захира кучлари сафарбар этилган бўлиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

Турли носозликлар туфайли электр таъминотида рўй бериши мумкин бўлган қисқа муддатли узилишлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасадди ходимлари томонидан бартараф этилиб, мавжуд ёқилғи захирасига мувофиқ электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёни «Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, «Ўзбекгидроэнергия» АЖ станциялари ҳам тўлиқ қувватда фаолият юритмоқда.

«Туркманэнерго» корпорациясининг «Мари иссиқлик станцияси» ва «Сердар» нимстанциялари оралиғидаги 500 кВли Л-511 ҳаво тармоғидаги носозлик бартараф этилгач, тармоқдан узилган истеъмолчиларга кучланиш бериш бошланишини маълум қиламиз», - дейилади хабарда.

Юзага келган техник-муҳандислик ҳолати учун истеъмолчилардан узр сўралган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top