Жаҳон | 01:05 / 24.02.2020
12731
2 дақиқада ўқилади

Эронда коронавирусга қарши курашга қуролли кучлар жалб қилинади. Қўшни давлатлар Эрон билан чегарани ёпди ва авиалоқани тўхтатди

Эронда коронавирусга қарши курашга қуролли кучлар жалб қилинади, Теҳрон вирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни минимал йўқотишлар билан уддалашга ҳаракат қилади.  

Бу ҳақда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний айтиб ўтди.

“Барча давлат идоралари, қуролли кучлар, жамоатчилик ташкилотлари аҳоли соғлиғи учун барча зарур чораларни кўради. Биз қисқа муддатларда энг кам йўқотишлар билан касаллик устидан назорат ўрнатмоқчимиз”, деб айтган Руҳоний.

Эронда айни вақтда коронавирусдан 43 та касалланиш, жумладан 8 та ўлим ҳолати қайд этилган. Ҳукумат илк бор вирусдан касалланиш ҳақида 19 февралда хабар қилган. Вируснинг тарқалиши шиа мусулмонлар учун зиёрат жойи ҳисобланган Кум шаҳридан бошланган. Шифокорларнинг маълумотларига кўра, касалланганларнинг аксарияти шаҳарда яшайдиган ёки у ерга борган кишилардир. Мамлакатда вирус тарқалишининг олдини олиш чораси сифатида бир қатор вилоятларда таълим муассасалари ёпилган ва оммавий тадбирлар бекор қилинган. 

Шунингдек, қўшни давлатлар ҳам эҳтиёт чораси сифатида Эрон билан алоқаларни чекламоқда. 

Жумладан, Туркия Эрон билан чегараларни ёпишга ва авиалоқани тўхтатишга қарор қилди. Туркиядан Эронга парвозлар 23 февраль кечки пайтдан тўхтатилган. Шунингдек, маҳаллий вақт билан соат 17дан Эрон билан чегара пунктлари ёпилган. Ушбу чоралар Наврўз арафасида Туркиянинг Ван вилоятига Эрондан сайёҳлар оқими кўпайиши билан боғлиқ ҳолда кўрилган.

Шунингдек, Афғонистон ҳам Эрон билан барча турдаги транспорт алоқасини вақтинчалик тўхтатди. 

Бундан ташқари, Покистон Тафтандаги чегара пункти орқали Эрон билан транспорт алоқасини тўхтатишга қарор қилди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид