Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан танлов ўтказиш белгиланган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот котиби хабарига кўра, ташкилотларнинг барча бўлинмаларида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги ҳамда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.

Танлов иккита йўналиш бўйича ўтказилди. “Ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги” номинациясида ғолибни аниқлашда қуйидаги мезонларга жиддий эътибор қаратилди:

ходимларнинг иш вақти давомида 3 маҳал ишлаб чиқариш гимнастикаси билан шуғулланиши;

ташкилотлар тизимидаги муассасалар ўртасида оммавий спорт мусобақалари ташкил этилганлиги;

аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этганлиги;

ташкилотларда оммавий спортни тарғиб қилиш ва ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишларига шарт-шароитлар яратиш мақсадида тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилганлиги;

ташкилотларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи роликлар жойлаштирилганлиги;

ташкилотларда ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун махсус спорт комплексларини (тренажёр, фитнес заллар ва бошқалар) ташкил этилганлиги.

Мамлакатдаги корхона ва ташкилотлар ўртасида ўтказилган “Ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги учун” номинациясида Тошкент вилояти томонидан тавсия этилган “Maxam-Chirchiq” акционерлик жамияти ғолиб, деб топилди. Улар 100 баллик тизимда 85 балл жамғарди. Навоий вилоятидан тавсия этилган Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси эса 65 балл билан иккинчи бўлди. Кучли учликни Қашқадарё вилояти номзоди якунлаб берди.