Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Яқин Шарқдаги воқеалар

Ҳусийлар Саудия Арабистонига янги ҳужумлар тўлқинини бошлади. Ямандаги гуруҳнинг маълум қилишича, улар Қизил денгиз бўйлаб ғарбий қирғоғидаги позицияларида мустаҳкамланмоқда.

Душанба куни ҳусийлар Саудия Арабистони ҳаво ҳужумларига жавобан, қироллик жанубидаги Ҳамис Мушайт авиабазасига ўнлаб ракета ва дронлар учирди. Ҳусийларга кўра, базадаги самолёт ангарлари, радар тизимлари, учиш-қўниш йўлаклари ва ўқ-дори омборлари нишонга олинган.

Саудия расмийлари 4 та ҳудудда фавқулодда огоҳлантиришлар эълон қилди. Ямандаги ҳукуматга кўра, ҳусийларнинг ҳужумлари оқибатида 13 нафар тинч аҳоли вакили яраланган.

Бунга жавобан Саудия ва Яман кучлари ҳусийларнинг нишонлари, шу жумладан, Қизил денгиздаги тарихий Моха порти атрофини ҳаводан бомбардимон қилишни кучайтирди. Шунга қарамай, ҳусийлар Қизил денгиз бўйидаги деярли бутун ғарбий қирғоғи устидан назоратни сақлаб қолмоқда.

«Ҳусийлар кучли босим остига олинмоқда. Ўз навбатида, улар ҳам Саудияга тобора кўпроқ босим ўтказиб, ракета ва дрон ҳужумлари кампаниясини кучайтирмоқда», деди Яман расмийларидан бири.

Ямандаги можароларнинг қайта тикланиши АҚШ учун ҳам яна бир қийинчилик туғдирмоқда.

Америкалик манбаларнинг Reutersʼга маълум қилишича, Вашингтон шу пайтгача Саудия Арабистонининг разведка ёрдамидан ташқари Яманга тўғридан тўғри ҳарбий аралашув ҳақидаги сўровларини рад этиб келган. Трамп дам олиш кунларида Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан гаплашганини ва ҳусийлар ҳам Вашингтон билан боғланиб, уни можарога аралашмасликка чақирганини айтди.

Муҳаммад бин Салмон эса душанба куни Жиддада АҚШ минтақавий қўмондони адмирал Бред Купер билан учрашди.

Яманда бошланган можаролар АҚШ-Эрон урушига дипломатик ечим бериш умидларини сўндиряпти. Хусусан, ҳусийлар ҳужумлари ортидан Эрон ва Кўрфаз давлатлари ўртасидаги Ҳўрмуз бўйича муҳокамалари қолдирилди. Эроннинг таъкидлашича, кечиктириш Саудия Арабистони сўровига биноан амалга оширилган.

Россия-Украина уруши

Душанба куни Доналд Трамп Россия ва Украина бир-бирининг энергетика объектларига зарба бермасликка келишиб олгани ҳақида гапира бошлади.