2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб бориш тизими жорий қилиниши мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.

Лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб:

  • пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун инобатга олинадиган охирги меҳнат фаолияти давомидаги беш йиллик иш ҳақи даври ҳар йили бир йилга ошириб борилган ҳолда йигирма йилликдаги иш ҳақи даврига етказилади. Бунда пенсия тайинлашда ўртача иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг энг паст даромадли даврининг 10 фоизини пенсия ҳисоб-китобидан чиқариб ташлаш тартиби жорий этилади;

  • ёшга доир пенсия тайинлаш учун белгиланган камида 7 йил иш стажи ҳар йили бир йилга босқичма-босқич оширилган ҳолда 2034 йилда 15 йилга етказилади. Бунда энг кам иш стажига эга бўлмаган фуқароларга умумий белгиланган пенсия ёшидан беш йилдан кейин ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Юқори даромаддан ижтимоий солиқ тўлаётган ҳамда пенсия ёшида меҳнат фаолиятини давом эттираётган фуқароларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида 2028 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи марта пенсия тайинлашда иш ҳақининг юқори чегараси:

  • пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан 13 бараварига;

  • 6 ой кеч пенсияга чиқилганда — пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 14 бараваригача;

  • 12 ой кеч пенсияга чиқилганда — пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваригача ошириш тартиби жорий этилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб ўртача ойлик иш ҳақи пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан кам бўлган фуқаролар томонидан жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ихтиёрий равишда иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида ўтказган маблағига 50 фоизгача табақалаштирилган миқдорда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча тўлаб берилади. Бундан ташқари, ўртача ойлик иш ҳақининг пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан юқори қисмидан 1 фоизи миқдоридаги маблағ ижтимоий солиқ ҳисобидан фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига тўлаб берилади ва ушбу миқдор 2033 йилдан 2 фоиз ҳамда 2040 йилдан 3 фоизга етказилади.

Фуқароларга жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларни инвестиция ва молиявий воситаларга жойлаштиришда иштирок этиш имконияти берилади. 2030 йил 1 январдан бошлаб жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағлардан фуқаролар оғир касалликка чалинганда даволаниш учун ҳамда ипотека кредитига бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш ҳуқуқи берилади.