Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Спорт клублари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга кўра, спорт клуби Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда ихтиёрий ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин.
Спорт клуби юридик шахс ҳисобланиб, ўз уставига, мустақил балансига, шахсий ҳисоб рақамларига, спорт клуби тасвири туширилган, ўз номи ёзилган муҳрга ва бурчакли штампга ҳамда бланкага эга бўлади.
Спорт клуби спорт турларининг реестрига киритилган бевосита спорт фаолияти билан боғлиқ амалий ва назарий спорт тадбирларини амалга оширадиган, ёш тоифалари бўйича спортчиларни тайёрлайдиган ва уларни ҳуқуқий ва молиявий томондан қўллаб-қувватлайдиган спорт ташкилоти ҳисобланади.
Спорт клубларида Олимпия ўйинлари дастурига киритилган ҳамда Олимпия ўйинлари дастурига киритилмаган спорт турларини, шунингдек, Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантиришга йўл қўйилади.
Спорт клуби бир ёки бир нечта спорт турлари (халқ ўйинлари)ни ривожлантириш юзасидан ўз фаолиятини олиб бориши мумкин.
Спорт клуби спортчининг Республика ва халқаро спорт мусобақалари иштирок этиш учун бўладиган сарф-харажатларини молиялаштиришга мажбур эмас.
Спорт клуби спортчиларнинг юқори спорт натижаларига эришганлиги учун ўз имконияти даражасида рағбатлантиришни амалга оширади.
Спорт клуби фаолияти қатъий ихтисослаштирилган ёки комплекс йўналишда профессионал ва оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган бўлиши мумкин:
профессионал спортга юқори малакали спортчиларни ва спорт захирасини тайёрлашни кўзда тутади;
оммавий спортни ташкиллаштириш, ўтказиш ва уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ташкил этилишини назорат қилиш ишларини амалга оширади;
соғлиғида маълум бир нуқсонлари бўлган шахслар ёки ногиронларнинг ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларнинг тўлиқ ёки қисман тикланишига кўмаклашиш ишларини амалга оширади.
Аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш спорт клуби томонидан пуллик, бепул ёки имтиёзли равишда амалга оширилади.
Спорт клуби ўз фаолиятида камситишга, шу жумладан миллати, тили, дини, жинсий тааллуқлиги, сиёсий, маданий қарашлари бўйича камситишга ҳамда зўравонликка йўл қўймайди.














