Бундай эпизодлар кўп, аммо уларнинг ҳар бирини мухлислар эслаб қолишган. «Барселона» ва «Реал» жамоалари ўртасидаги ўйинда мана шундай воқеа содир бўлди.

Класико тақдирини ҳал қилган Винисиус Жуниорнинг голи Тони Кроос томонидан тайёрланди. Йўқ, бу Крооснинг ажойиб узатмаси ҳурматига қилинган навбатчи хушомад эмас, немис чинакамига голни тайёрлади! Тони ўйин давом этаётган вақтда пауза ушлаб (!) гол урган футболчига қандай ҳаракат қилиш кераклигини кўрсатиб турди. Ишонинг, бунақасини доим ҳам кўравермайсиз. Кроос шунчалик совуққон футболчики, ўйин вақтида тўхтаб «онлайн тарзда» режа туза олади.

Нега Кроос бунчалик хотиржам деб ўйлайсиз? Чунки у жаҳон чемпиони бўлган, ЕЧЛни уч марталаб ютган. Мана шунинг учун ҳам футболчи совринлар ютиши муҳим ҳисобланади.

Эътибор берган бўлсангиз, Рамос ҳам пенальти тепаётганда мана шундай совуққон ҳаракат қилади. Ахир унинг ютмаган соврини қолмаган – жаҳон чемпионати, Европа чемпионати, ЕЧЛ.

Таққослаш учун, «Барселона» етакчиси Лионель Мессида мана шундай совуққонлик баъзан етишмайди. Лео хоҳласа-хоҳламаса, жаҳон чемпионатини ютмагани хаёлининг бир бурчагида унга тинчлик бермай айланаверади. Барча мусобақаларни ютган футболчи эса ўзгача босиқлик билан ҳаракат қилади.

Бу билан ҳамма жаҳон чемпионлари ҳаяжонсиз ўйнайди демоқчи эмасмиз. Кроос каби футболчилар шубҳасиз, истисно. Сўнгги йилларда «Реал»да кўп ўзгаришлар бўлди. Натижалар, ўйинлар ва умуман Мадриддаги жараёнларни кузатсангиз, Кроос қайсидир маънода ўтиш даври ҳисобланган мураккаб даврда Мадрид учун асосий фигурага айланди.

Бундай вақтда футболчиларнинг кайфиятида ва ҳатто ўйинида ўзгариш пайдо бўлади. Масалан, Лопетеги вақтидаги Марсело биз билган дунёнинг энг зўр қанот ҳимоячиси эмасди, Бэйл-ку умуман ўз даражасидан тушиб кетди, аммо Кроос барқарор ўйнашда давом этди. Тони «Реал»нинг бошқа футболчилари каби ижтимоий тармоқдаги чиқишлари билан ҳам машҳур эмас. У шунчаки майдонда ўзининг ишини қилади, тамом.

Крооснинг «Барселона»га қарши ўйиндаги ҳаракати бир неча воқеани эслатади. Бу шунчаки оддий ҳаракат эмас, рақибга руҳий зарба берадиган «жест» эди. Евро-2012 чорак финалида Италия Англия билан тўқнашган ва пенальтилар сериясида яримфиналга чиққанди. Серияда Андреа Пирло Паненка услубида тўпни Жо Ҳартнинг устидан ташлаб қўйган ва бу билан рақибга руҳий зарба берганди. Бундай масъулиятли паллада таваккал қила олиш эса чинакам катта футболчиларга хос.