Президентнинг “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ҳимоя қилиш ва тупроқнинг агрокимёвий таҳлили тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг:

2020 йил 1 майдан эътиборан “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти ва унинг “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятлари фаолиятини тугатиш;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлигини ташкил этиш;

“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятлари устав фондидаги улушларини кейинчалик сотиш ва “Ўзагрокимёҳимоя” АЖни тугатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш;

“Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятларининг минерал ўғитларни сотиш шохобчаларини бериш ҳисобига устав фондини шакллантириш орқали 48 та масъулияти чекланган жамиятларини ташкил этиш;

“Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятларининг омборхона биноларини “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятига бериш;

“Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятларининг омборхона биноларини сотиш;

“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти, “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятлари ва уларнинг туман филиалларининг маъмурий бинолари, биолабораториялар, хизмат автомашиналари, қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларни Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари балансига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат фитосанитария назоратини амалга ошириш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун ўсимликларни касалликлар, зараркунанда ҳашаротлар ва бегона ўтлардан уйғунлашган ҳимоя қилишнинг тизимли чора-тадбирлари ва экологик хавфсиз усуллари бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалиги ўсимликларида касалликлар, зараркунанда ҳашаротлар ва бегона ўтларнинг ривожланиши ва тарқалишини прогнозлаштириш орқали уларнинг зарар етказиш хавфини олдиндан ўрганиш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларига бўлган талабни аниқлаш;