Ўзбекистон | 12:16 / 04.03.2020
32298
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида коронавирусга қарши чоралар кучайтирилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида коронавирус инфекциясига қарши эҳтиёт чораралари кучайтирилиб, тегишли чекловлар ўрнатилгани ҳақида маълум қилди.

«Коронавирус дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани боис, унинг юртимизда тарқалиши олдини олиш мақсадида қатъий назорат чоралари кўрилмоқда.

Ана шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатимиздаги қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда коронавирус инфекцияси юртимизга кириб келиши олдини олиш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Вазирлик юртимиздаги олий ўқув юртлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида профилактик чора ва назоратни кучайтириш, тегишли санитария тадбирларини амалга ошириш орқали мураббий ва талаба-ўқувчилар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим вазирлиги билан ҳам қўшма қарор қабул қилди.

Унга кўра, ўқитувчи ва талабаларни ўқиш, малака ошириш ва тажриба алмашуви бўйича алоҳида кўрсатма бўлмагунча хорижга, айниқса, коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатларга чиқишларини чегаралаш, барча халқаро тадбирлар, олимпиадалар ва шу каби бошқа тадбирларни ҳам ўтказмаслик ва уларда қатнашиш учун чет мамлакатларга бормаслик ҳамда Ўзбекистонга келаётган чет эллик талаба ва ўқитувчиларнинг вақтинчалик киришини чегаралаш чораларини қатъий кўриш вазифалари белгиланди.

Шунингдек, мазкур ҳужжат билан таълим муассасаларида талабаларнинг ҳар кунлик тана ҳароратини ўлчаш, кунлик кузатувларни олиб бориш, ўткир респиратор инфекция касаллиги белгилари аниқланганларни тиббий пунктга олиб бориш, талаба ва ўқувчиларнинг шахсий гигиена қоидаларига амал қилишларини мунтазам назорат қилиш, аудиториялар, талабалар турар жойлари ва бошқа хоналарда кунлик дезинфекция тадбирларини мунтазам ўтказиш, танаффус вақтларида барча хоналарни шамоллатиш каби профилактик тадбирларни қатъий амалга ошириш кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш учун шароит яратиш, талаба ва ўқувчиларга қўлларини кунига бир неча марта совунлаб ювишини тавсия қилиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекциясининг олдини олиш бўйича тайёрланган тарқатма материалларни барча талабаларга етказиш каби вазифалар ҳам акс этган. Бундан ташқари, санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва дезинфекция тадбирларини бажарилиши бўйича ҳар бир таълим муассасанинг раҳбари шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Шу ўринда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жаҳонда коронавирус билан боғлиқ эпидемия тез суръатда ўсиб бораётганлигини ҳисобга олиб, юртимиздаги барча олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари масъулларидан юқорида кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларга қатъий риоя қилиб,  уни назорат  қилишларини сўрайди, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб, 92 796 киши коронавирус билан касалланган, 3201 киши вафот этган. Шу вақтгача 50 691 киши ушбу касалликдан бутунлай соғайган. Ўзбекистон ҳудудида вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилмаган.

Бундан аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда коронавирусга қарши чоралар кучайтирилиши ва тегишли чекловлар ўрнатилиши ҳақида хабар берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид