Иқтисодиёт | 16:30 / 04.03.2020
17881
4 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов: «ЕОИИга аъзолик масаласи ЖСТга кирилганидан кейин кўрилиши керак»

«ЖСТ тартиб-интизомга солади, мамлакатларни ташқи савдонинг муайян қоидаларига амал қилишга мажбур қилади. Шунингдек, ишлаб чиқарувчиларимизнинг ташқи бозорларга чиқишини осонлаштиради. Бу биз учун жуда муҳим, чунки бизда ҳукумат тартиб-интизомли эмас» – Юлий Юсупов.

ЖСТ логотипи/Фото: REUTERS/Denis Balibouse

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган «C7 – Жаҳон иқтисодиёти ва бизнес» халқаро анжуманида маъруза қилди.

Иқтисодчи нутқини якунлагач, Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилоти ва Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги бўйича талабаларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини 1990 йилларнинг ўрталарида бошлаганмиз. Ҳозирга қадар кирмаганимиз бу – бизнинг айбимиз. Гап шундаки, иқтисодий ривожланишнинг ўша вақтдаги модели билан ЖСТга кириш имконсиз эди.

Ҳозирда музокаралар олиб бориляпти. Яқин бир неча йил ичида ЖСТга кириш умиди мавжуд. Деярли барча мамлакатлар бу ташкилотга аъзо бўлган. Биз кечикканлар 10талигидамиз.

ЖСТ тартиб-интизомга солади, мамлакатларни ташқи савдонинг муайян қоидаларига амал қилишга мажбур қилади. Шунингдек, ишлаб чиқарувчиларимизнинг ташқи бозорларга чиқишини осонлаштиради. Бу биз учун жуда муҳим, чунки бизда ҳукумат тартиб-интизомли эмас. У маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш борасида ғайриқонуний йўлларни топишга ҳаракат қилади. ЖСТ бизни ана шу «туйнук»ларни ёпишга мажбур қилади.

ЕОИИга аъзолик Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади? Бу мураккаб савол. Унинг плюс ва минуслари бор. Ушбу ижобий ва салбий жиҳатларни келтириш учун жуда кўп вақт кетади. Ана шу ижобий ва салбий жиҳатларни таққослаб чиқаётган мутахассислар гуруҳи ишламоқда.

ЕОИИга кириш-кирмаслик масаласини мен ЖСТга аъзо бўлганимиздан кейин кўтарган бўлардим. Бу анча тўғри бўлган бўларди», – деган Юлий Юсуповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ЖСТга кириш жараёнининг қайта бошланиши

Жаҳон Савдо Ташкилоти 1995 йил бошидан ҳозирги форматига ўтказилган, Ўзбекистон унга аъзо бўлиб кириш учун 1994 йилда ариза берган – мамлакат ҳозир кузатувчи мақомида. Жаҳоннинг 164та давлати, шу жумладан Қозоғистон, Қирзиғистон ва Тожикистон ҳам ЖСТ аъзоси саналади.

2017 йил ноябрида – президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифи чоғида мамлакат ЖСТга кириш бўйича ишларни қайта бошлагани маълум бўлди.

2018 йилда Ўзбекистонда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш бўйича идоралараро комиссия тузилди. Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов бу тузилмага аъзо бўлиб кириш учун 4-5 йил вақт керак бўлишини айтди. Шу йили Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи давомида ҳам мамлакатнинг бу борадаги қарори қатъий экани таъкидланди.

2019 йил июлига келиб, Ўзбекистон томони ташкилотга кириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни ЖСТга тақдим этди.

Йил охирида, президент Шавкат Мирзиёев ЖСТга аъзо бўлиш – мамлакат олдидаги энг устувор мақсадлардан бири эканини қайд этди. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов эса Ўзбекистон бу халқаро тузилмага кириш бўйича музокараларни имкон қадар тезроқ якунламоқчилигини билдирди.

ЖСТга кириш бўйича тегишли ишчи гуруҳнинг 4-йиғилиши 2020 йилда Женевада бўлиб ўтиши кутиляпти. Бу ишчи гуруҳнинг 3-йиғилиши 2005 йилда ўтказилган.

Республиканинг ЖСТга қўшилиши учун Евроиттифоқ 5 миллион евро маблағ ажратган. Шунингдек, БМТ ва Жаҳон Банки каби халқаро ташкилотлар, АҚШ, Корея Республикаси ва Хитой каби ҳамкорлардан молиявий-техник кўмак олиниши мумкин.

 

Мавзуга оид