Президентнинг 26 августдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–302-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш ва қўриқлаш фаолияти йўналишларида профессионал кадрларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилади.

2026-2027 ўқув йилидан Жамоат хавфсизлиги университетининг бакалавриат кундузги таълим шакли бўйича йиллик қабул квотаси 600 нафар курсантгача оширилади.

Масофавий таълим шаклида эса йилига 300 нафаргача тингловчини қабул қилиш белгиланган.

Ушбу қабул квоталарининг тўртдан уч қисми Ички ишлар вазирлиги тизими учун жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлашга йўналтирилади.

Ички ишлар вазирлиги тизими учун кадрлар тайёрлашда қабул квоталари ва мутахассисликлар бўйича ўринлар тақсимоти ички ишлар органларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда тақсимот Президент администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти билан келишилади.

Юриспруденция бўйича кадрлар тайёрланади

Қарорга мувофиқ, университетда ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишлари учун юриспруденция соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади.

Бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида «Юриспруденция» йўналиши доирасида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти», «Жамоат тартибини сақлаш фаолияти», «Йўл ҳаракати хавфсизлиги фаолияти» ва «Қўриқлаш фаолияти» бўйича кадрлар тайёрланади.

Масофавий таълим шаклида эса «Юриспруденция» йўналишининг «Жамоат хавфсизлигини ҳуқуқий таъминлаш» йўналиши бўйича ўқитиш ташкил этилади.

Камида беш йиллик стажга эга ходимлар магистратурада ўқийди

Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия тизимида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йиллик амалий хизмат стажига эга ходимлар ҳамда ҳарбий хизматчилар учун алоҳида магистратура мутахассислиги белгиланмоқда.

Уларни магистратура босқичида ўқитиш «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш» мутахассислиги бўйича амалга оширилади.

Янги тартиблар 2026-2027 ўқув йилидан жорий этилади.