«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида Хериот-Уатт университети раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.

Учрашувда таълим, фан ва инновациялар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, илмий тадқиқотлар ва малака ошириш йўналишларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама этилди.

Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири университетнинг Ўзбекистонда ўз кампусини очиш имконияти бўлди. Ҳозирча кампусни очиш бўйича якуний қарор ёки унинг иш бошлаш муддати ҳақида маълумот берилмаган.

Университет вакиллари Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Хусусан, қўшма таълим лойиҳаларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш дастурлари ва тренинглар ташкил этиш ҳамда биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказишга қизиқиш билдирилди.

Томонлар «икки томонлама диплом» тамойили асосида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.

Хериот-Уатт университети 1821 йилда Шотландияда «Эдинбург санъат мактаби» номи билан ташкил этилган. Олийгоҳ илмий тадқиқотлар ва таълимдаги инновацион ёндашувлари билан танилган.

«Дунё» АА келтирган маълумотларга кўра, университетда хорижий кампуслари билан бирга қарийб 31 минг талаба таҳсил олади, 2 мингдан ортиқ ўқитувчи фаолият юритади.