Хитойдан почта жўнатмаларини етказиб беришдаги кечикишлар ушбу давлат билан парвозларнинг вақтинча тўхтатилишига боғлиқ
“Ўзбекистон почтаси” АЖ Хитойдан почта жўнатмаларини етказиб бериш нима сабабдан кечикаётгани бўйича махсус маълумот берди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда янги коронавирус тарқалиши туфайли Хитойдан почта жўнатмаларини қабул қилиш бир мунча узоқ муддат талаб қилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, коронавирус нарсалар устида, жумладан посилка, бандеролларда узоқ вақт сақланмайди.
“Шунга қарамай, Ўзбекистон почтаси Хитойдан почта жўнатмаларини қабул қилиш, санитария-эпидемиологик жиҳатдан уларни хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрган.
Хитойдан почта жўнатмаларини етказиб бериш кечикишлари асосан ушбу давлат билан ҳаво транспорти парвозларининг вақтинча тўхтатилиши билан боғлиқ.
Ишонтириб айтамизки, Ўзбекистон почтаси ходимлари почта жўнатмаларингизни тезкорлик билан етказиб бериш учун доим ҳаракатда”, - дейилади хабарда.
Аввалроқ, Марказий банк коронавируснинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири қандай бўлиши ҳақида изоҳ берганди.