Reuters агентлиги АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг исми ошкор этилмаган икки нафар вакилига таяниб, Хитойнинг COSCO юк ташиш компанияси кемаларидан радиоэлектрон разведка маълумотларини тўплаш учун фойдаланаётгани ҳақида хабар берди.
АҚШ расмийларининг баҳосига кўра, COSCO ўнлаб йиллар давомида Пекин билан разведка маълумотларини тўплаш соҳасида ҳамкорлик қилиб келган. Таъкидланишича, бундай тизим Хитойга Европа, Шимолий Америка ва Осиё ҳудудларида ҳаракатланаётган кемалар ва ҳаво кемаларидан тарқаладиган алоқа сигналларини тутиб олиш имконини бериши мумкин.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси вакиллари эса бу айбловларни рад этган.
Радиоэлектрон разведка учун мўлжалланган махсус ускуналар ҳажми, тузилиши ва имкониятларига қараб турлича бўлиши мумкин. Улар нисбатан кичик ва оддий қурилмалардан тортиб, мураккаб разведка комплексларигача бўлиши мумкин.
Замонавий йирик тижорат кемалари одатда кўплаб антенналар, алоқа ва навигация воситалари билан жиҳозлангани сабабли, бундай махсус ускуналарни ташқи томондан сезилмайдиган тарзда жойлаштириш техник жиҳатдан мумкинлиги қайд этилган.
Кемалар орқали тўпланган разведка маълумотлари кейин қандай ишлатилиши аниқ эмас. Бироқ бортдаги тизимлар қабул қилинган маълумотларни ёзиб олиши ва кейинчалик хавфсиз шароитда уларни бошқа марказларга жисмоний ташувчилар ёки алоқа каналлари орқали етказиши мумкин.
Оддий пассив радиоэлектрон разведка комплекслари автоном тарзда ишлай олади. Мураккаброқ тизимлар эса кема сунъий йўлдош алоқасига уланган тақдирда дунёнинг исталган нуқтасидан масофадан бошқарилиши мумкин. Ҳозирги вақтда юқори тезликдаги сунъий йўлдош алоқаси жаҳондаги тижорат кемаларида кенг қўлланади.
Шунингдек, бундай тизимларни бевосита кема бортида бўлган мутахассислар бошқариши мумкин. Улар ускуналар ишлашини назорат қилиш билан бирга, тутиб олинган ва разведка учун қизиқиш уйғотадиган сигналларни дастлабки таҳлилдан ўтказиш имконига ҳам эга бўлиши мумкин.
Кемалар махсус маълумот узатиш каналлари билан жиҳозланган бўлса, тўпланган ахборотни деярли реал вақт режимида разведка тармоғининг бошқа нуқталарига, жумладан Хитой ҳудудидаги марказларга юбориш имкони пайдо бўлади. У ерда маълумотлар кейинги таҳлил ва фойдаланиш учун қайта ишланиши мумкин.
Reuters манбаларига кўра, разведка платформаси сифатида мослаштирилган тижорат кемаларининг устувор вазифаларидан бири ҳарбий алоқа технологиялари ҳамда шифрлаш воситаларининг ривожланиши ҳақида маълумот тўплаш бўлиши мумкин.















