Биринчи босқичда Вашингтон ўз ҳарбийлари миқдорини камайтиришни режалаштирган. 28 февраль куни Доҳада имзоланган битимга кўра, кейинги 4,5 ой - 135 кун ичида Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар сони 13 мингдан 8,6 минг нафарга туширилади.

Толиблар келишувга тўлиқ риоя қилишса, америкалик ҳарбийлар 14 ой ичида Афғонистонни тўлиқ тарк этиши лозим.

Афғонистон ҳукумати «Толибон» ҳаракати билан келишувни имзолаш жараёнида иштирок этмаган.

Мамлакат президенти Ашраф Ғани аввалроқ келишувнинг бир шартини бажармаслигини айтганди - бу «Толибон»нинг асирликдаги аъзолари музокаралар олдидан қўйиб юборилиши билан боғлиқ шарт эди. Аммо душанба куни Афғонистон президенти бу ҳафтада қамоқдаги мингдан ортиқ асирларни озод қилиш тўғрисидаги фармонига имзо чекиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Восита ва ваколат
Ўтган ҳафтада толиблар Ҳилмандда афғон армиясига уюштирган ҳужумга жавобан АҚШ авиацияси ҳаво зарбалари йўллаши «Толибон» билан келишув тақдирини хавф остида қолдирганди.

Аммо душанба куни «Толибон» қарама-қаршиликни тўхтатишга чақирди, шундан кейин Афғонистондаги Америка қўшинларининг (USFOR-A) расмий вакили полковник Сонни Леггетт АҚШ ҳарбийларни олиб чиқишни бошлашини эълон қилди.

Шу билан биргаликда, Леггетт Афғонистонда қолаётган америкалик ҳарбийлар ИШИД ва «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳларига қарши аксилтеррор амалиётларини давом эттириши ва Афғонистон хавфсизлик кучларига кўмак кўрсатишини айтган.

«Вазифаларимизни бажариш учун зарур бўлган барча ҳарбий воситалар ва ваколатларимиз бор», деган у.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ва «Толибон»нинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар

Толиблар билан келишувда қуйидагилар кўзда тутилган:

  • Агар толиблар келишув шартларига амал қилишса, АҚШ 14 ой ичида ўз қўшинларини олиб кетади
  • Келишув имзоланганидан кейин толиблар ва афғон ҳукумати ўртасида музокаралар бошланиши керак
  • «Толибон» ўз аъзоларидан ҳеч кимга Афғонистон ҳудудида АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига дахл қилишга йўл қўймайди