Мамлакатдаги монопол автоишлабчиқаруви UzAuto Motors АЖнинг ўзи ишлаб чиқараётган айрим турдаги автомобиллар нархини ошириши ортидан жамоатчиликнинг кескин норозилиги авж олиб турган бир пайтда таҳририятга айнан ушбу завод маҳсулоти ҳисобланган Cobalt машинасини сотиб олиб, барака топмаган фуқаронинг мурожаати келиб тушди.
Андижонлик Исмоилжон Ваҳобов 2019 йилнинг апрель ойида «Асака-Автосавдо» МЧЖдан яхши ниятлар билан 84 миллион сўм тўлов қилиб Cobalt автомобилини сотиб олади.

Ниҳоят янги автомобилга эришганидан бахтиёр Исмоилжон «оқ тулпор»ни ўн кунча маза қилиб миниб юради. Бироқ, унинг бу хурсандчилиги узоққа чўзилмайди. У сотиб олинганига икки ҳафта бўлмаган автомобилнинг олди капотидаги буёғи кўчаётганини сезиб қолади.
«Капотдаги «краска» кўчишни бошлаганидан сўнг, машинани автосалонга олиб бориб, «Менга бошқа автомобил беринглар, бунинг буёғи кўчиб кетяпти» дедим. Улар маслаҳат қилишиб, капотни алмаштириб беришди. Қарангки, бир ой ўтиб-ўтмасдан янги машинанинг капоти алмашди. Озгина вақт ўтиб, Cobalt’нинг ўнг ва чап қанотлари ҳамда том қисмида ҳам буёқлар кўчишни бошлади.


Бу муаммодан бошим қотиб яна «Асака-Автосавдо» салонига бордим, улар мутахассисларни чақиртиришди. Мутахассислар экспертиза ўтказишиб, машинанинг олди ўнг ва чап қанотлари ҳамда том қисмида бўёқ кўчаётганини аниқлашди. Кафолат муҳандиси бошчилигидаги мутахассислар далолатнома тузишиб автомобилимда бўёқ кўчиш нуқсони юз бергани тасдиқланди.

Шундан сўнг автосалон иккита қанот ва том қисмини алмаштириб беришни таклиф қилди. Мен рози бўлмадим. «Кузовни тўлалигича алмаштириб беринглар», дедим. Чунки мутахассислар кузовнинг бошқа қисмларида ҳам буёқ кўчмаслигига кафолат бера олишмаганди. Ўзингиз биласиз, машина бўялса нархи тушиб кетади.
Кейин, кузовини бутунлай алмаштириш борасида «Автотеххизмат»даги мутахассислар билан маслаҳатлашдим. Улар кузовни тўла алмаштириш самара бермаслиги, кузов алмаштирилса машинанинг қисмлари бўшаб, турли товушлар чиқарадиган бўлиб қолишини айтишди.









