Якунланган ҳафтанинг сўнгги уч куни давомида Суперлига 3-тур баҳслари ўтказилди. Мамлакатимизнинг еттита стадионида кечган учрашувлар якунида Tribuna.uz сайти тур сарҳисобини тақдим этади.
Тур ўйини: Қосимов Абрамовни мағлуб этди

Турнинг марказий ўйини Олмалиқда кечди. Миржалол Қосимов қўл остидаги ОКМК жамоаси Вадим Абрамов бошчилигидаги «Бунёдкор» клубини қабул қилди. Қизиқарли кечган учрашувда Мурод Тошматов ва захирадан майдонга туширилган Ҳожимат Эркинов томонидан киритилган голлар мезбонларга мавсумдаги илк ғалабани тақдим этган бўлса, «Бунёдкор» дастлабки мағлубиятни тан олди.
Тур қаҳрамони: Райевацдан ажойиб дебют

Сербиялик ҳужумчининг Қўқонга қайтиши омадли чиқди. «Қўқон-1912» - «Сўғдиёна» (2:1) учрашувида Райевац дастлабки голнинг вужудга келишида катта ҳисса қўшган бўлса, кўп ўтмай Мурод Холмуҳаммедовнинг ён чизиқдан узатган тўпини қийин вазиятда ажойиб зарба билан дарвозага киритди. Дебют ўйинидаёқ иккита самарали ҳаракати билан қўқонликларга муҳим ғалабани тортиқ этган Райевац – тур қаҳрамонига айланди.
Тур мухлислари: «Водий дербиси»даги аншлаг
Суперлига-2020да мухлислар ташрифи борасида рекорд (25 328 томошабин) Наманганда қайд этилган бўлса, иккинчи энг яхши кўрсаткич Андижонда кузатилди. «Андижон» ва «Навбаҳор» ўртасидаги «водий дербиси»да 15 152 томошабин ташриф буюрди. Эътиборлиси, шу куни Намангандан ҳам 5 минг нафарга яқин мухлислар келишган. Ўйин муросасиз кечган бўлса-да, томошабинлар голларга гувоҳ бўлишмади. Шунга қарамай, икки жамоанинг ашаддий мухлислари ўйинни “қизитиб” беришди.
Тур факти: «Бухоро»да – ҳаммаси ноль, фақат 0:3…

Суперлига 3-туридан кейин чемпионатдаги яққол аутсайдер жамоа – «Бухоро» клуби бўлиб қолди. Муҳсин Муҳаммадиев жамоаси Бухородаги майдон тайёр ҳолатда эмаслиги сабаб фақат сафарда тўп суришга мажбур бўлмоқда. Эътиборлиси, бухороликлар жамоаси ўтган уч ўйинда ҳам 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишди ва сўнгги ўринга тушиб қолишди. Жамоа очко тугул, гол ҳам ура олаётгани йўқ...
















