Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниевга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Депутатнинг айтишича, Олий Мажлис биносига киришда тиббий текширувлар йўлга қўйилган. Бундан ташқари, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш учун шароитлар яратилган.

«Давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбайи бу халқимиз эканидан келиб чиқсак, давлат халқ манфаатларини кўзлаб, биринчи навбатда, унинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат қилиши лозим. Шу нуқтайи назардан, коронавирус инфекциясининг республикамизда тарқалишига қарши кураш бўйича ҳукумат томонидан қаттиққўллик билан кўрилаётган барча карантин чора-тадбирларини мен ҳам депутат сифатида, ҳам бир фуқаро сифатида тўлалигича қўллаб-қавватлайман.

Зеро, коронавирусга қарши кураш бўйича Хитой ва Европа давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш ҳозирча бу инфекцияга қарши курашишнинг энг самарали йўли ҳисобланади.

Карантин муносабати билан қатъий чоралар кўрилалаётгани парламент қуйи палатаси фаолиятини тўхтатди, дегани эмас. Ҳозирда парламентда ички электрон тизим йўлга қўйилган бўлиб, барча ҳужжатларни электрон алмашинуви учун шароитлар яратилган. Парламент ва депутатларнинг асосий фаолияти электрон тарзда давом эттирилади», дейди у.

Дониёр Ғаниевга кўра, қонун лойиҳалари муҳокамалари, ижро ҳокимияти томонидан қонунлар ижроси назорати, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва улар устида ишлаш ҳам электрон тарзда амалга оширилади.

«Парламент ва ҳукумат ўртасидаги алоқалар ва ҳужжатлар алмашинуви электрон ҳукумат портали орқали ўрнатилса, депутатларимизнинг фуқаролар билан алоқаси эса, уларнинг ижтимоий тармоқлар (Facebook ва Telegram)даги шахсий саҳифалари орқали давом этади.

Қолаверса, мамлакатимизда карантин ҳафталигини жорий этилиши баҳонасида, эҳтимол, оғриқли нуқталаримиздан бири бўлган «Электрон Ҳукумат» ва «Электрон Парламент» ҳамда масофавий таълим тизимларини янада ривожлантириш, уларнинг амалда қўлланилишини тезлаштириш, шунингдек, ҳудудларни тезкор ва сифатли интернет алоқаси билан таъминлаш ишларини жадаллаштиришга катта бир туртки бўлар. Зеро, ҳар бир қийинчилик ёки хавф инсонларни янги имкониятлар «ойнасини» излашга ундайди», – дейди депутат Дониёр Ғаниев.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлагановнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, парламент фаолиятини тўхтатмайди.