Олти ой муддатга эксперимент белгиланган эди
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 ноябрдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида» 897-сонли қарори қабул қилинган эди.
Ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қабул қилинган ушбу қарорга мувофиқ 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида янги тизим жорий этилди. Унга кўра:
а) аҳоли истеъмоли учун электр энергияси базавий нормаси ойига бир абонентга 300 кВт.соат;
б) аҳоли истеъмоли учун табиий газнинг базавий нормаси:
- иситиш мавсуми даврида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонентга ойига 1000 куб.м;
- бошқа ҳолатларда бир абонентга ойига 250 куб.м этиб белгиланди.
Экспериментнинг энг муҳум жиҳати сифатида, Юнусобод туманидаги истеъмолчилар учун лимитдан ортиқ ишлатилган электр энергияси ва табиий газ учун тарифга нисбатан 1,2 баравар оширилган миқдорда нархлар белгиланган.
Гап нима ҳақида кетаётганини тушунмаганлар учун масала моҳиятини мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Айтайлик, 2019 йил январь ойида, қўшни Олмазор туманидаги бир абонент бир ой давомида 1000 (минг) кВт.соат электр энергияси ишлатди. У шу сарфланган энергия ресурси учун 250 000 (икки юз эллик минг) сўм тўлаган.
Айнан шу ойда 1000 (минг) кВт.соат электр энергиясини Юнусобод туманида сарфлаган абонент 285 000 (икки юз саксон беш минг) сўм, яъни 35 минг сўмга кўпроқ тўловни амалга оширган.
Бунда: 300 кВт.соат (лимит) х 250 сўм (1 кВт.соат электр энергиясининг 2019 йил январь ойидаги нархи) = 75 000 сўм.
700 кВт.соат (лимитдан ортиқ истеъмол қилинган ресурс) х 300 сўм (белгиланган тарифга 1,2 баравар ошириш коэффициент) = 210 000 сўм. Жами 285 000 сўм.
Табиий газ истеъмолида ҳам айнан шу аҳвол.








