Лойиҳанинг навбатдаги босқичи Сергели ва Юнусобод туманларидаги икки йўл қисмини қамраб олади.

Янги Сергели кўчасида қурилиш ишлари Чоштепа кўчаси билан кесишмадан SOUEAST сервис маркази биносигача бўлган 1368 метрлик қисмда амалга оширилади.

Амир Темур шоҳкўчасида эса Аҳмад Дониш кўчаси билан кесишмадаги йўл ўтказгичдан Шаҳристон кўчаси билан кесишмагача бўлган 1430 метрлик қисмда ишлар олиб борилади.

Биринчи босқичда қурилиш кўчаларнинг марказида, автобуслар учун алоҳида ҳаракат йўлаклари ташкил этиладиган жойларда бажарилади. Қатнов қисмининг қолган йўлаклари очиқ қолади.

Шунга қарамай, қурилиш даврида мазкур ҳудудларда ҳаракатланишда вақтинчалик қийинчиликлар юзага келиши мумкинлиги қайд этилган. Ҳайдовчилардан сафарларни режалаштиришда буни инобатга олиш, вақтинчалик йўл белгиларига риоя қилиш ва зарурат бўлганда муқобил йўналишлардан фойдаланиш сўралган.

Чекловларнинг қачон бекор қилиниши хабарда кўрсатилмаган.