Карантин даврида ходим ўз фаолиятини қаерда ва қандай олиб борилади? Агар меҳнат таътили берилса иш ҳақи тўланадими? Шу каби саволлар юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ниринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов билан карантин вақтидаги меҳнатнинг қонун-қоидаларини бўйича суҳбатлашдик
- Ҳозирги кунда мактаб ва боғчалар ишламаяпти. Биз фарзандларимиз билан бирга бўлишимиз учун меҳнат таътили бериладими?
- Карантин даврида, таълим муассасалари ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтаб турган пайтда мактабгача таълим тарбияланувчилари ва мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларига қараб туриш учун уларнинг ишлаётган ота ёки онасининг бирига иш ҳақи тўланадиган меҳнат таътили берилади. Амалдаги меҳнат кодексига биноан меҳнат таътили фақат иш берувчи ва ходим ўртасида келишилган вақтга берилади. Бунда 6 ойдан кам ишлаган ходим меҳнат таътилини олишга ҳақли эмас эди. Янги, карантин давридаги фармон билан шу иккита меъёр амал қилиниши тўхтаб турибди. Ҳозирги карантин даврида ишлаётган ота оналар меҳнат таътили қайси ойга қўйилишидан қатъи назар март-апрел ойига таътил олишга ҳақли. Бундан ташқари 6 ойдан кам ишлаган ходимлар ҳам белгиланган тартибда иш ҳақи тўланадиган меҳнат таътилини олишга ҳақли этиб белгиланди.

- Ходимлар шу пайтгача меҳнат таътилини олиб бўлган бўлишса, улар нима қилиши керак?
- Бунда иш берувчи ходим учун уч йўналишда иш билан таъминлайди. Биринчи: ходимни масофадан туриб меҳнат шароитларига ўтказиш. Иккинчи: ходим қисқартирилган ёки тўлиқ бўлмаган иш билан таъминланади. Учинчи: ходим рози бўлган тақдирда иш ҳақи тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқарилади.
- Таълим муассасасида ишлаётган ходимнинг иш ҳақи сақланадими?
- Янги қабул қилинган фармонга асосан давлат бюджетидан молиялаштириладиган барча мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта мактаблари, олий таълим, спорт ва маданият муассасалари ходимларига иш ҳақи тўланиб турилади. Чунки амалдаги қонунларга биноан ходимнинг айби бўлмаётган пайтда унга иш ҳақи тўланади.
- Масофавий меҳнат қандай амалга оширилади?
- Масофавий меҳнат иш берувчи ва ходим ўртасидаги ўзаро келишув асосида амалга оширилади. Бунда ходим ўз уйида иш берувчининг вазифаларини бажаради. Бу пайтда тегишли келишувлар бўлиши керак. Биринчидан: иш берувчи ва ходим ўртасида электрон ахборот алмашинуви бўлиши керак. Ходим ўз уйида компьютер ва интернет билан ишлай олиши керак.














