Ўзбекистон | 16:00 / 26.03.2020
30554
3 дақиқада ўқилади

«Одамлар тиббиёт ходимлари билан ўчакишяпти» — Отабеков карантин чораларини бузаётганлар ҳақида

26 март куни АОКАда ўтказилган брифингда Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков уйда карантинда қолиш ҳолатлари ҳақида тушунтириш берди.

Фото: KUN.UZ

«Карантин Ўзбекистон ҳудудида икки хил тарзда: стационар ва уй шароитида олиб борилмоқда. Фуқаролар уюшган ҳолатда хориждан олиб келинса — стационар шароитда, агар якка тартибда келган бўлса, уй шароитида карантинни ўташади.

Карантин муддатини ўташ деганда касалликнинг яширин даври — 14 кун мобайнида уйда қолиш тушунилади. Улар устидан тиббий кузатув ўрнатилади, тана ҳарорати ўлчаб борилади. Шу асосда карантин муддати ўтаб бўлгандан кейин лаборатория натижалари салбий бўлса, улар карантин муддатини ўтаган ҳисобланади», дея Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, шу пайтга қадар Ўзбекистонда карантин даврини ўтаб, оила бағрига қайтганлар сони 22 мингдан ортиқни ташкил этади.

Брифингда коронавирусга гумон қилинган фуқаролар яшайдиган кўп қаватли уйлар ва маҳаллалар Миллий гвардия ва Ички ишлар ходимлари томонидан қўриқланаётгани, бу ҳолат аҳолини хавотирга солаётгани ҳақидаги саволга жавоб берилди.

Давлат бош санитария инспектори уй шароитида карантин қилиш заруратини тушунтирар экан, бу тартибни бузганларни танқид қилиб ўтди.

«Уй шароитида карантин қилиш ўзини оқлаган усул. Тасаввур қилинг, 34 минг одамнинг ҳаммасини стационар шароитида карантин қиладиган бўлсак, бу иқтисодий нуқтайи назардан муаммоларни келтириб чиқаради, катта ташвишларга сабаб бўлиши мумкин. Уй шароитида карантин қилиш ҳаммамизнинг зиммамизга юклатилган вазифа.

Қанийди ҳар бир киши ўз хатти-ҳаракатини тўғри баҳоласа, масъулиятни ҳис қилса, карантин талабларига тўлиқ риоя қилса, кўчаларда Миллий гвардия ва ички ишлар ходимларининг туришига ҳам эҳтиёж қолмасди. Минг афсуски, халқимиз бу талабларни бузишга ҳаракат қиляпти. Назаримизда, тиббиёт ходимлари билан ўчакишгандек иш тутишяпти, карантин тадбирларини бузишга қизиқиш пайдо қилишяпти», дея таъкидлади у.

Шунингдек, Нурмат Отабеков коронавирусни уйда мустақил даволаш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

«Бу касалликни уйда даволашга уриниш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Касалликнинг асосий белгиси учта: тана ҳароратининг кўтарилиши, қуруқ йўтал ва нафас етишмовчилиги. Уй шароитида тиббий муолажаларни олиб бориш жиддий асоратларга олиб келиши ҳар биримизни сергак тутиши керак», дея қайд этиб ўтди у.

Мавзуга оид