Ўзбекистон | 14:47 / 27.03.2020
38972
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 97 мингдан ортиқ киши карантинда - Нурмат Отабеков

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков 27 март куни бўлиб ўтган брифингда халқни карантин талабларига бефарқ бўлмасликка чақирди.

Фото: KUN.UZ

Нурмат Отабеков халқ орасида коронавирусга нисбатан оддий грипп, хавотирга ўрин йўқ, ҳамма гаплар ваҳима, қабилидаги бепарволик муносабатини танқид қилди.

«Коронавирус нимага қодир эканлигини кўрсатди. Дунёнинг деярли барча давлатларида 531 минг касаллик қайд этилди. Бу жуда катта кўрсаткич, умумий аҳоли сонига нисбатан кичик рақамдек кўриниши мумкин. Бир куннинг ўзида АҚШда 13 мингдан кўпроқ янги бемор рўйхатга олинди. АҚШ касалланиш кўрсаткичи бўйича Хитойдан 3000тага ортиб, 85 минг касаллик ҳолати билан биринчи ўринга чиқиб олди. Иккинчи ўринда Хитой, учинчи ўринда Италия турибди. 

Бу каби ҳолатлар ҳар биримизни сергак торттириши керак. Касалликнинг тарқалганлик даражаси, ундан етаётган иқтисодий зарарнинг орқасида бепарволик турибди. Агар бепараволик бўлмаганда Италия, АҚШ бундай аҳволга тушмасди», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Республикада 97 мингдан кўпроқ одам карантинда сақланаётганини айтар экан, бош инспектор қўйилаётган талаблар заруратини қайд этиб ўтди. 

«Коронавирусни тўлиқ даволайдиган дори воситаси йўқ. Ҳимоя қила оладиган вакцина ишлаб чиқилган эмас. Касалликдан соғайган одамларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳам тўлиқ тасаввурга эга эмасмиз. Биз номаълум асоратларга олиб келадиган инфекция олдидамиз.

15 март куни Ўзбекистонда коронавирус аниқланди. Касаллик аниқлангунча қадар биз хотиржам эдик, саросима йўқ эди. Лекин бизнинг ҳудудга касалликни ким олиб кирди — ўзимизнинг халқимиз [вакили] олиб кирди. Шунча одамни хавотирга қўйди. Бу касаллик атрофимизда айланиб юрибди. Ҳар бир шахс унга чалиниши эҳтимоли борлигини унутмаслик керак», дея таъкидлади у.

«Имкониятлар чегараланганини дунё тажрибаси кўрсатяпти. Таваккал қилишга ҳаққимиз йўқ. 34 млн аҳолининг саломатлиги ҳар биримизнинг зиммамизда. Карантин талабларини бузиш, ниқоб тақиш тартибини бузиш, беписандлик ҳолатлари кузатиляпти. Буларнинг ҳар бири ўзингизга бўлмаса, қўшнингизга, кейинчалик бутун халққа муаммо туғдириши мумкин. Сиздан кўп нарса талаб қилинаётгани йўқ, ҳамма масъулиятни давлат ўз зиммасига олди. Айтилган тавсияларга риоя қилиш керак холос», дея қўшимча қилди Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид