Ўзбекистон | 13:10 / 30.03.2020
102785
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилоятида ҳам бир кишида вирус аниқланган. Беморнинг ҳолати ўрта оғир даражада

Коронавирус беморларининг бири Қашқадарё вилоятида экани маълум қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистоннинг яна бир вилоятида коронавирус аниқланганини маълум қилди.

«Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан зарарланганлар 145 нафарни ташкил қилмоқда.

Инфекцияни юқтириб олган энг сўнгги бемор иккинчи вафот этган марҳум билан мулоқотда бўлган 14 ёшли жияни экани маълум бўлди. У айни пайтда Қарши шаҳрида жойлашган Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Беморнинг ҳолати ўрта оғир даражада. Бемор билан мулоқотда бўлган яқинлари ва бошқа фуқаролар саломатлиги ҳам қатъий назоратга олинган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг телеграм каналида берилган хабарда. 

Қўшимча қилинишича, айни пайтда яна икки нафар қашқадарёлик бемор Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанмоқда.

Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, вирус юқтирган 14 ёшли бемор Чироқчи туманида истиқомат қилиб келган. 

Шу тариқа, айни вақтда Ўзбекистонда коронавирус қайд этилган вилоятлар географияси кенгайди - Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид