Kun.uz мухбири мўмин-мусулмонлар карантин даврида эътибор қаратиши жоиз бўлган масалалар юзасидан «Мирза Юсуф» жоме-масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов билан суҳбатда бўлди.
Исломда тижорат, савдогар ва харидор одоби. Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов билан суҳбат
Инсон ҳаёти ҳар қандай фарздан олдин туради
– Дарҳақиқат дунё мамлакатларини ташвишга солиб турган бу вабо Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Давлатимиз раҳбарияти, ҳукумат халқнинг хавфсизлигини, соғлиғини таъминлаш мақсадида кескин чораларни зудлик билан йўлга қўйди. Мусулмонлар идораси ҳам диний масалаларга оид керакли ва муҳим фатволарни эълон қилди. Халқимизни ва ўзимни ҳам ушбу фатволар ва қўйилган талабларга риоя қилишга, итоат қилишга чақириб қолган бўлардим. Чунки, бу бизга вожиб амал бўлиб турибди.
«Ҳаятад инсана муқаддамун алал-фарз» – бу энг улуғ қоидаларимиздан бири. Инсон ҳаёти ҳар қандай фарздан муқаддам туради. Биз Исломда тижорат одобини зикр қилишдан аввал, мўмин-мусулмон одамнинг ана шундай вазиятга тушиб қолганда ўзини қандай тутиши ҳақида гапириб ўтишимиз керак. Бу муҳим ҳисобланади. Тижорий ҳолатлар ҳам шунга боғлиқ.
Вабо – бандаларни синаш, жазолаш ёки поклаш учун юборилади

– Бизнинг ақидамизда вабо – Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг бандаларига баъзан синов учун, баъзида жазолаш учун ва баъзан уларни поклаш учун юборадиган нарсадир.
Қуръон оятларида ҳам ўзини эҳтиёт қилишга чақириқлар бор
– Чумолилар подшоҳи қавмига қарата: «Уйларингга киринглар, Сулаймоннинг қўшини сизларни билмаган ҳолда эзиб, ҳалок қилиб қўймасин», демоқда. Яъни, оғир вазият пайдо бўлганида, чумолилар подшоси халқини огоҳлантирмоқда.














