Ангренда «Avto-Ideal-Xizmati» МЧЖ 1283 кишини чув туширгани маълум бўлди
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида фаолият юритган «Avto-Ideal-Xizmati» МЧЖ мансабдор шахслари қулай шартларда автомашиналар етказиб беришни ваъда қилиб, мижозларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритгани аниқланди.
2019 йилнинг октябрь ойида «UzAuto Motors» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган автомашиналарни етказиб беришни ваъда қилиб, жами 18 мингдан ортиқ кишидан автомашина русумига қараб, 1 млн сўмдан 10 млн сўмгача бўлган миқдорда пул олиб, жами 57 млрд сўм маблағни қўлга киритган «Avto oltmish oy» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди. Бу воқеа турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.
Айнан шу вақтда, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида «Avto oltmish oy» МЧЖнинг иш услуби билан деярли бир хил бўлган «Avto-Ideal-Xizmati» МЧЖ ўз фаолиятини йўлга қўйиб, жуда қисқа давр – 5 ой ичида 1506 нафар мижознинг ишончига кириб, уларнинг 1283 нафарини чув тушуришга улгурган.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан «Avto-Ideal-Xizmati» масъулияти чекланган жамияти фаолияти юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, жамият раҳбари К.Р. ва собиқ раҳбари У.Н. 2019 йилнинг октябридан 2020 йил март ойига қадар, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 16 фоизни ташкил қилиб турган бир пайтда, йиллик 5 фоиз устама ҳақ эвазига, бошланғич бадал сифатида автомобилнинг 20-30 фоизи миқдорида олдиндан тўлов қилиш шарти билан жами 1506 нафар юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар имзолаган.
Мазкур шартномаларга асосан 1506 нафар мижозларнинг барчаси ўзлари танлаган автомашина қийматининг 20-30 фоизини олдиндан тўлов сифатида жамият ҳисоб рақамига тўлашгаган (мавжуд маълумотларга кўра бу сумма 36 млрд сўмдан кўпроқни ташкил этган).
Жамият мансабдор шахслари ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, ушбу келиб тушган пул маблағлари ҳисобидан 228 нафар мижозга 23 млрд сўмдан ошиқ қийматдаги автомашиналарни етказиб берган. Қолган 1283 нафар мижозга улар тўлаган пул маблағлари эвазига автомашиналар етказиб берилмаган ёки тўланган пул маблағлари эгаларига қайтарилмаган. Бунинг оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етган.
Шунга кўра, департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан «Avto-Ideal-Xizmati» масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларига нисбатан жорий йилинг 17 март куни Жиноят кодексининг 192-11-моддаси иккинчи қисми «а» банд билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот учун: Жиноят кодекси 192-11-модда иккинчи қисми «а» банди (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш);
Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, яъни нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсининг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказиш базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракталари Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Тергов жараёнида фуқароларга етказилган зарарни тўлиқ ундириш чоралари кўрилиши маълум қилинган.
Мавзуга оид
12:54 / 05.10.2024
Ҳиндистонлик эркак ноодатий автомобиллар коллекцияси билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирди
17:58 / 01.09.2023
Santa Fe’дан Traverse’гача — дунё автомобиль бозорида тақдим этилган сўнгги кроссоверлар
19:24 / 15.08.2023
Импорт автомобилларнинг фақат расмий дилерлар томонидан сотилиши талаби бекор қилинди
19:06 / 28.07.2023