Барча давлатларда умумий бўлган чекловлар ҳам бор, аммо айрим давлатлар ўз фуқароларининг ҳаёт тарзига қараб ҳам чекловлар ўйлаб топмоқда.

Учрашувга чиқиш мумкин эмас

Вирус Хитойда пайдо бўлганди, ҳозир эса Европада юқори тезликда тарқалишда давом этмоқда. Айниқса Италия, Испания, Франция, Германия ва Буюк Британия каби давлатлар коронавирусдан жуда кўп зарар кўрмоқда. Францияда карантиннинг иккинчи босқичида чекловлар кўпайди. Улар орасида таъкидлаб ёзилган қуйидаги банд эътиборни тортади: «Кўчага чиқиш учун дўстининг олдига бориш, руҳшунос сеансига қатнаш ёки севгани билан учрашиш каби баҳоналар инобатга олинмайди». Ҳа, карантин севишганларни ҳижрон билан ҳам синайди.

Дарвоқе, европалик руҳшуносларнинг айтишича, карантиндан сўнг ажримлар кўпайиб кетишидан қочиб бўлмайди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг: ҳамма уйда, қиладиган иш йўқ, гапдан гап чиқиб жанжал бўлади-да, тўғрими? Карантин инсониятга юборилган икки карра синов десак, адашмаймиз.

Францияда карантинни яшаш манзилидан бошқа жойда ўтказиш ҳам тақиқланди. Чунки карантин бошланганда парижликлар шаҳар ташқарисидаги дала ҳовлиларига бориб яшашни бошлашганди. Аммо уларни қишлоқ аҳли яхши кутиб олмади: «Шаҳарликлар вирусни олиб келишади, кейин бозорларимиздаги егуликларимизни еб битиришади», дея арз қилишди улар. Натижада «дачага чиққанлар» уйларига қайтарилди.

Қамоқхонага бориш мумкин эмас

Италияда маҳбуслар орасида ҳам вирус тарқалгач, ҳукумат қамоқхоналардаги яқинларни бориб кўришни чеклаб қўйди. Чунки у ерга борганлар ҳам вирус юқтириб олиши мумкин. Бу чекловдан сўнг Италия қамоқхоналарида тўполон бошланди. Моденедаги қамоқхонада бошланган исён бошқа қамоқхоналарга ҳам тарқалди. Моденедаги уч нафар маҳбус тартибсизликлар вақтида жон берди. Расмий маълумотларга кўра, улар лазаретдан героин ўрнини босадиган метадонни ўғирлаб истеъмол қилиб дозасини ошириб юборган. Бош кўтарганлар орасида гиёҳвандлар ҳам бўлган, демак улар кўпроқ ташқаридан олиб кириладиган «озуқа» узилиб қолганидан норози бўлишган.

«Вирус одамни икки марта ўлдиради...»

Фото: gabrielegalimbertiphoto / Instagram

Одам яқин инсони жони узилаётганини билса, қаерда бўлмасин унинг олдига етиб боришни, охирги сўзини айтиб, оғзига бир томчи сув томизишни хоҳлайди. Аммо коронавирус инсонни бундан ҳам маҳрум қилди. Бу касалдан вафот этаётган одамнинг олдида докторлардан бошқа ҳеч ким бўлмаслиги керак.