Бир неча ой олдин интернет оламида, ижтимой тармоқларда бир мавзу яхшигина баҳсларга сабаб бўлганди. Йўл ҳаракатини бузган ҳайдовчиларни видеога олиб, тегишли органларга жўнатган шахсга маълум фоиз мукофот берилиши ҳақидаги хабарларни эсланг. Бу ишни ўзига касб қилиб олиб, эрта-ю кеч қоидабузарларни пойлаб ўтириш, ўша пул билан оила боқишни ўрганиб олганлар борасидаги муҳокамаларни бир четга суриб турамиз. Бу қай даража ярашадиган иш, бу ҳам мавзумизга алоқаси бўлмаган қарашлар, эътибор бермаймиз. Лекин айнан, йўлда кетаётганингизда, бошқа бир ҳайдовчининг қоида бузаётгани, тезликни оширганини кўриб, бу ҳақида хабар бериш тўғри ишми ёки йўқ? Халқ тили билан айтганда, бу «казёллик»ми?
Бу масала ҳатто диний тарафдан ҳам муҳокама қилинган, қайсидир бир сайтда «мусулмон бошқа бир мусулмоннинг айбини яшириши керак» деган маънода берилган жавоб янада кўпчиликнинг норозилигига учраганди. Ростдан ҳам, назаримда, ўшанда жавоб сал ошириб юборилган, зеро Ислом динида мўмин мўминнинг айбини яшириши кераклиги, кўпроқ шахсий, бошқага, жамиятга зарари етмайдиган ҳолатлардагина тилга олинади – масалан, ўз уйида ароқ ичиб ўтирган оддий одамни бошқалар олдида шарманда қилишга уриниш, чақимчилик деб қораланади. Лекин жамиятга, инсонларга зулм бор жойда, кимдир ўғрилик қилса, пора олса ёки бошқа шунга ўхшаш ишларда, фуқаро ўз масъулиятини ҳис қилиши, яъни керакли жойга хабар бериши керак. Йўл ҳаракати қоидалари у қадар жиддий қоида эмаслиги, жарималар кўплиги туфайли, зулмга сабаб бўлишингиз мумкинлиги ёки ўша тезликни оширган шахс зарур иш билан кетаётган бўлиши мумкинлиги каби изоҳлар, кейинги даражадаги масала. Аслида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳам жиддий айб, ҳатто, инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиш мумкин. Авариядан ўлганлар сони коронавирусдан ҳам анча кўп бўлади.
Аслида нафақат йўл ҳаракати, балки бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан ҳам, анча кенг ёндашамиз. Бир одамнинг порахўрлигини билиб туриб ҳам ҳурмат қиламиз, қонун бўйича жиноят ҳисобланган жуда кўп амалларни оддий қабул қила оламиз. Керакли жойга хабар беришни-ку, қўяверинг, бу инсон учун энг жирканч иш ҳисобланади гўё. Аслида, ўша жиноятлар айланиб келиб, бевосита ўзимизнинг ҳаётимизни ёмонлаштираётгани ҳақида ўйламаймиз, буни боғлаш ҳам қийин.
Хуллас, агар жамият деганда биз давлат, қонунлар ва одамларнинг ўзаро муносабатини тушунадиган бўлсак, бизда давлат бор, унинг қуроли сифатида қонунлар бор, халқ унга қарши курашувчи бир алоҳида субъект сифатида тушуниб қолинган. Яъни қонунлар аслида аҳолининг тартибли яшашлари, кимдир бошқасининг устидан зулм ўтказмаслиги, яъни, адолат таъминланиши учун керак бўлган восита сифатида қабул қилинмайди.
Коронавирус даври шу жиҳатдан, жуда содда ва аниқ тажриба бўлиб, ҳатто жамиятшуносликда амалий дарс сифатида ўргатиладиган объектга айланмоқда. Сабаби, вируснинг асосий хусусияти бой ва камбағал, амалдор ва ишсиз деб одам ажратмасдан, бутун халқ учун тенг хавф бўлишидир.
















