Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 14 апрелдаги қарори билан асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланди. Марказий банкнинг қайд этишича, ушбу қарор ташқи ва ички талабнинг қисқариши шароитида иқтисодий фаолликнинг секинлашувини ҳисобга олиб инфляция прогнозларини пасайиш томонга қайта кўриб чиқилганлиги билан изоҳланади.

2020 йилнинг иккинчи чорагида ва йил сўнгига қадар инфляция даражасига талаб омиллари томонидан босим мў’тадиллашиши ва камайишини инобатга олиб, инфляциянинг янгиланган прогноз кўрсаткичларига кўра, 2020 йил якуни бўйича инфляция даражаси дастлабки прогноздан (12—13,5 фоиз) 1 фоиз бандга пасайиб 11—12,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Бошқарувнинг 5 мартдаги йиғилишида тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш ва коронавирус пандемиясининг инфляцияга таклиф омиллари орқали таъсири билан боғлиқ наониқликларнинг сақланиб қолиши шароитида асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилган эди.

Тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш муддатларининг ўзгартирилиши ҳамда жорий иқтисодий шароитлар коронавирус пандемиясининг инфляция даражасига таъсири кўпроқ талаб омиллари томонидан бўлаётганлигин ва келгусида ушбу омилларнинг пасаювчи характерга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Иқтисодий фаоллик ва макроиқтисодий прогнозлар
2020 йилнинг март ойидан бошлаб жаҳонда ва асосий савдо-ҳамкор давлатларда коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасида олиб борилаётган чораларнинг кучайтирилиши, нефть нархининг пасайиши, талаб ҳажмининг қисқариши натижасида иқтисодий ўсиш ва фаоллик кўрсаткичларининг пасайиш прогнозлари кучайиб бормоқда.

Иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва аҳоли даромадларининг қисқариши, ўз навбатида, ички талабнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келади.

Коронавирус пандемиясининг давомийлиги ва глобал иқтисодиётга таъсири бўйича ноаниқликларнинг юқорилиги шароитида Ўзбекистон ЯИМ реал ўсишининг 2020 йил бўйича базавий прогнозларини қайта кўриб чиқиш қўшимча таҳлилларни тақозо этмоқда. Бу борадаги Марказий банк хулосалари таҳлилий ҳисоб-китоблар якунланганидан сўнг эълон қилинади.

Иқтисодий фаолликнинг пасайиши, биринчи навбатда, банк тизими орқали амалга оширилаётган транзакциялар сонида ўз аксини топмоқда. Хусусан, 2020 йил март ойида банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакциялар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга қисқарди.