Янги Зеландия ҳукумати аъзолари коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатларидан жабр кўрганлар билан ҳамжиҳат эканлигини билдириш мақсадида яқин ярим йил давомида 20 фоизга қисқартирилган ҳолда маош олишга қарор қилишди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн маълум қилди.

Бош вазирнинг қайд этишича, Янги Зеландияда жуда кўпчилик ишини йўқотди, айримларнинг маошлари эса сезиларли даражада камайди.

Ардерн бундан ташқари, юқори лавозимдаги амалдорлар қатор мукофотлардан ҳам маҳрум бўлишини айтди.  

Аввалроқ у март охирида қабул қилинган фавқулодда вазият режимини узайтириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор 20 апрелда қабул қилинишини айтганди.

"Касалланиш ҳолатлари оз бўлиши мумкин, аммо бу вирусни енгганимизни англатмайди. Иқтисодиётимизни тезроқ йўлга қўйишимиз кераклигини тушуниб турибмиз", - деди у.