Mitsubishi ишлаб чиқарилиши 2022 йилда тўхтатилган Pajero йўлтанламасининг янги авлодини тақдим этди. Autonews ушбу модел ҳақидаги асосий маълумотларни тўплади.
1. Замонавий Mitsubishi моделлари руҳидаги дизайн
Mitsubishi янги Pajero аввалги авлодлар билан боғлиқлигини таъкидлаётган бўлса-да, улар ўртасида яққол визуал ўхшашликлар унчалик кўп эмас. Йўлтанламас энсиз фаралар, йирик радиатор панжараси ва кенгайтирилган ғилдирак аркаларига эга бўлди. Бироқ автомобил ташқи кўринишида марканинг замонавий моделлари, хусусан, Destinator ва Xforce билан умумий жиҳатлар талайгина.
Комплектациясига қараб, автомобилга ўлчами 255/55 R20 бўлган Toyo Open Country H/T ёки Bridgestone Dueler H/T шиналари ўрнатилади.
Шу билан бирга, аввалги Pajero ўзига хос жиҳатларидан бирини йўқотди: захира ғилдираги орқа эшикдан автомобил тагига кўчирилди.
Ўлчамлари бўйича янги Pajero йирик йўлтанламасга тўла мос келади: узунлиги 4920 мм, эни — 1925 мм, баландлиги — 1910 мм. Ғилдираклар базаси 2870 мм, олд ва орқа ўқлар орасидаги масофа эса 1630 мм га етади.

2. Экранлар ва тугмалар уйғунлиги
Янги Pajero интерери иккита дисплейли йирик олд панел атрофида қурилган. Қиммат версияларда ягона блокка бирлаштирилган 14,3 дюймли экрандан фойдаланилган. Ҳамёнбоп комплектацияларга эса 12,3 дюймли панел ўрнатилган.
Рақамли асбоблар панели мураккаб йўллардан ўтишда ёрдам берадиган маълумотларни акс эттира олади. Экранга денгиз сатҳидан баландлик, компас кўрсаткичлари, ташқи ҳарорат, ён оғиш ва тангаж бурчаклари ҳамда бурилишни фаол бошқариш тизимининг ишлаши ҳақидаги маълумотлар чиқарилади.
3. Уч қаторли ўриндиқлар ва ўзига хос пардоз
Асбоблар панели ва эшикларга пардоз беришда Mitsubishi Япониянинг кимекоми техникасидан илҳомланган. Бу ёғоч ёки бошқа материалдан ясалган асосга мато парчалари ёпиштириб, безак буюмлари ясаш усулидир. Шу туфайли юмшоқ юзалар кўп қатламли фактурага эга бўлади.
Иккинчи қатор йўловчилари учун кенг кўламли созлаш имкониятлари мавжуд. Диванни олдинга ва орқага 150 мм гача суриш мумкин. Шунингдек, улар учун ён ойналарда қуёшдан ҳимояловчи пардалар, ён ўриндиқларни иситиш тизими, алоҳида иқлим назорати зонаси, маиший розетка ва иккита USB–C порти кўзда тутилган.










