Бу эса турли миш-мишларга сабаб бўлди. Kun.uz мухбири бунга изоҳ олиш учун сериал режиссёри ва бош рол ижрочиси, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан боғланди.
«Биз фильм намойиши бошланишидан аввал ўтказилган махсус телепремьерада «Шайтанат» 21-қисм билан тугайди деб айтгандик, аммо ҳар хил миш-мишлар пайдо бўлди. Эмишки, «Шайтанат»нинг 22, 23 ва 24-қисмлари ҳам бор экан. Бундай гап тарқатаётганлар билиб қўйишсин, «Шайтанат» 21-қисмда тугайди.
Экранларга чиқмаган янги 21-қисм ҳақида гапирадиган бўлсам, у ҳали тайёр эмас. Ҳозир мамлакатда карантин, шу сабаб монтаж, овоз бериш жараёнларини карантиндан сўнг давом эттирамиз ва тайёр бўлгач, катта экранларда намойиш қиламиз. Шу ўринда сериалнинг 21-қисми «Зўр ТВ»да эфирга узатилиши режалаштирилмаганини айтишим керак», деди Ёдгор Саъдиев.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик томонидан ўтган асрнинг 90-йилларида ёзилиши бошланган «Шайтанат» асари жами бешта китобдан иборат бўлиб, миллионлаб нусхада чоп этилган.
Асарда бош рол - Асадбекни Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ижро этган. Сериал воқеалари ўтган асрнинг 80-йилларида бўлиб ўтади ва ундаги қаҳрамонларнинг барчаси тўқима образ экани айтилган.
90-йиллар охирида Ёдгор Саъдиев раҳбарлигидаги «Қалқон» студияси томонидан ишланган «Шайтанат» сериали 20-серияда тўхтаб қолган ва сериал 20 йил мобайнида телевидениега қайтарилмаган.






